Савол ва жавоблар

Айбланувчига ва зўравонликдан жабр кўрган шахс сифатида, менга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш учун қандай чоралар кўрилиши мумкин?

Хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишнинг индивидуал чора тадбирларига қуйидагиларни киритиш мумкин: профилактика суҳбатини ўтказиш; ҳимоя ордерини бериш; айбдорнинг зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастурларидан ўтиш; Келгусида зўравонликнинг олдини олиш учун сиз тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларга ёрдам кўрсатиш бўйича махсус марказларга жойлаштирилишингиз мумкин.

Ҳимоя ордери нима?

Ҳимоя ордери – тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи, хотин-қизларга тазйиқ ўтказаётган ёки уларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсга таъсир кўрсатиш чоралари қўлланилишига сабаб бўладиган ҳужжат.

Ҳимоя ордери ким томонидан берилади?

Ҳимоя ордери яшаш жойи бўйича ички ишлар органи таянч пунктининг профилактика (катта) инспектори томонидан берилади.

Ҳимоя ордерини бериш учун нима асос бўла олади?

Жавоб: Ҳимоя ордерини беришга қуйидагилар асос бўлиши мумкин: тазйиқ ва зўравонлик жабрланувчисининг мурожаати; жисмоний ёки юридик шахсларнинг хабарлари, жумладан оммавий ахборот воситалари ва (ёки) ижтимоий тармоқлар орқали шу мазмунда бериладиган хабарлар; тазйиқ ёки зўравонлик содир этиш ёхуд уларни содир этишга уриниш фактларининг ваколатли органлар ва ташкилотлар ходимлари томонидан бевосита аниқланиши; давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан келиб тушган материаллар.

Зўравонлик қўлланилгани тўғрисидаги мурожаатлар қанча муддатда кўриб чиқилиши зарур?

Ички ишлар органлари профилактика инспекторлари навбатчи бўлинмалардан келиб тушган мурожаат ва хабарларни 24 соат ичида кўриб чиқадилар ва  ушбу жараён давомида: зўравонликдан жабр кўрган ва уни содир этган шахслар ва бошқалар билан суҳбатўтказадилар; зўравонликдан жабр кўрган ва уни содир этган шахсларнинг ҳаёт тарзи, тазйиқ ва зўравонликнинг келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитларини ўрганадилар; зўравонликдан жабр кўрган ва уни содир этган шахсларнинг ижтимоий реабилитацияси ва ижтимоий мослашуви бўйича тегишли чораларни амалга оширадилар.

Зўравонлик тўғрисидаги мурожаат ва хабарларни кўриб чиқишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг вазифалари қандай?

Мурожаат ва хабарларни ўрганиш натижалари бўйича профилактика инспектори: тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари аниқланганда – ҳимоя ордерини расмийлаштиради; жабрланувчининг розилиги билан маҳалла маъмуриятига ва бошқа ваколатли органларга зўравонлик содир этганларга нисбатан ҳимоя ордери берилганлиги тўғрисида хабар беради; тазйиқ ва зўравонлик белгилари бўлмаган тақдирда, тегишли чораларни белгилайди, шунингдек, маҳалла раиси, котиби, маҳалланинг оила ва хотин-қизлар билан ишлаш бўйича мутахассис иштирокида далолатнома тузади; агар жиноят белгилари аниқланса, ҳимоя ордери бериш масаласини кўриб чиқиш билан бир вақтда, у иш материалларини жиноий жавобгарлик тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органига юборади.

Ўзини ҳимоя қила олмайдиган шахсга нисбатан қилинган зўравонлик тўғрисидаги мурожаати қандай кўриб чиқилади?

Агар тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи вояга етмаган бўлса ёки шахс суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса, унинг қонуний вакили (ота-она, васий, ҳомий) ёки васийлик ва ҳомийлик органи уларнинг номидан ҳимоя ордерини бериш ҳамда уни узайтириш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилиши мумкин. Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи вояга етмаган болалар ҳимоя ордерини олиш тўғрисидаги ариза билан шахсан мурожаат қилишга ҳақли. Ҳимоя ордерини бериш ҳамда уни узайтириш тўғрисидаги бу каби аризалар уларнинг қонуний вакили ёки васийлик ва ҳомийлик органининг вакили ҳозирлигида кўриб чиқилади ва уларнинг қўлига берилади. Ҳимоя ордери берилганлиги ва узайтирилганлиги тўғрисидаги ахборот васийлик ва ҳомийлик органига, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига 24 соат ичида юборилади.

Ҳимоя ордерида қандай чекловлар кўзда тутилиши мумкин?

Ҳимоя ордери билан қуйидаги чекловлар ўрнатилади: тазйиқ ўтказишни ва зўравонлик содир этишни тақиқлаш; томонлар ўртасидаги муомала алоқасини тақиқлаш (иш жойларда ва таълим муассасаларида билвосита алоқасига йўл қўйилади); томонларнинг битта хонада бирга бўлишини тақиқлаш; зўравон шахсга мажбуриятлар юклаш (жабрланувчини даволаш, моддий ва маънавий зарарни қоплаш); зўравоннинг қуролни сақлаш ва олиб юриш ҳуқуқини чеклаш ёки тақиқлаш (бундан хизмат қуроли мустасно).

Гендер асосидаги камситиш нима?

Жинс бўйича бевосита камситиш – жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида хотин-қизлар ва эркакларнинг ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини тан олмасликка қаратилган ҳар қандай тарзда фарқлаш, истисно этиш ёки чеклаш, шу жумладан оилавий ҳолати, ҳомиладорлиги, оилавий мажбуриятлари туфайли камситиш, шунингдек шаҳвоний шилқимлик қилиш, тенг меҳнат ва малака учун ҳар хил ҳақ тўлаш; Жинс бўйича билвосита камситиш – бир жинсдаги шахсларни бошқа жинсдаги шахсларга нисбатан ноқулайроқ ҳолатга тушириб қўядиган вазиятларни, ҳолатларни ёки мезонларни яратиш, шу жумладан гендер тенгсизликни оммавий ахборот воситалари, таълим, маданият орқали тарғиб этиш, муайян жинсдаги шахслар учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган шарт-шароитлар ёхуд талаблар белгилаш.

Тазйиқ ва зўравонлик жабрланувчисининг қандай ҳуқуқлари бор?

Тазйиқ ва зўравонлик жабрланувчиси қуйидаги ҳуқуқларга эга: тегишли ваколатли органлар ва ташкилотларга ёки судга унга нисбатан тазйиқ ва зўравонликлар содир этилганлиги ёки уларни содир этиш таҳдиди тўғрисида ариза билан мурожаат қилиш; махсус марказларда, шунингдек бепул телефон линияси орқали текин ҳуқуқий маслаҳат, иқтисодий, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиш; ички ишлар органларига ҳимоя ордери бериш тўғрисидаги талаб билан мурожаат қилиш, ҳимоя ордери шартлари бузилган тақдирда эса, уларни бу ҳақда хабардор қилиш; содир этилган тазйиқ ва зўравонлик натижасида ўзига етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланиши ҳамда маънавий зиён компенсация қилиниши тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат этиш.

Тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш учун давлат қандай чораларни кўриши керак?

Тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш учун давлат хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этишга олиб келадиган сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш ва бартараф этишга, жамиятда аёлларнинг зўравонликдан ҳоли бўлиш ҳуқуқларидан хабардорлигини оширишга қаратилган иқтисодий, ижтимоий, ҳуқуқий, тиббий ва бошқа чора-тадбирлар тизимини қабул қилишга мажбурдир.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича қандай вазифаларга эга?

Яқинда ташкил этилган Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг вазифаларидан бири бу хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, муҳтож аёлларга, шу жумладан ногиронларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ёки моддий ёрдам кўрсатишдир. Ушбу вазифани бажариш учун ҳар бир маҳаллада профилактика инспекторлари ва оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассислар фаолият кўрсатмоқда. Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари: хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларига олиб келадиган сабаблар ҳамда шарт-шароитларни аниқлаш ва бартараф этиш юзасидан амалий чоралар кўради; жабрланувчини ижтимоий реабилитация қилиш ҳамда бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширади; хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ўтказганлиги ва зўравонлик содир этганлиги учун профилактик ҳисобда турадиган шахслар билан низоли вазиятларни профилактика қилиш, тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш чораларини кўради; ҳимоя ордери талабларига риоя этмаслик ҳолатлари аниқланган тақдирда бу ҳақда профилактика инспекторига хабар беради.

Агар маҳалладаги профилактика инспектори аёлнинг зўравонлик ҳақидаги шикоятларига эътибор бермаса нима қилиш керак?

Сиз маҳалла раисига шикоят қилишингиз мумкин, чунки у профилактика инспекторлари фаолиятини баҳолайди ва агар керак бўлса, унинг иши қониқарсиз деб топилган бўлса, тегишли органларда унга нисбатан ишдан бўшатишгача   бўлган чора кўриш тўғрисида кўрилиши мажбурий бўлган тақдимномани киритади.

Менинг зўравонлик ҳақидаги аризам қабул қилинмайди, кўриб чиқилмайди ва унга жавоб берилмайди; бунинг учун жавобгарлик борми?

Аризаларни қабул қилиш ва кўриб чиқишни ноқонуний равишда рад этиш, уларни кўриб чиқиш муддатларини узрсиз сабабларга кўра бузиш, жавобни юбормаслик, қонунга зид қарор қабул қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланишини таъминламаслик, берилган ариза асосида қабул қилинган қарорни бажармаслик ёки шахснинг шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ёки қонун билан қўриқланадиган ёки жамият ва давлат манфаатларига сезиларли зарар етказадиган маълумотларни унинг розилигисиз ошкор қилиш базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Жинсий ҳуқуқбузарликда айбдор бўлган шахсга қандай жазо тайинланиши мумкин? Ушбу жиноятлар болаларга ёки қариндошларига нисбатан содир этилган бўлса, қандай жазоланади?

Ўзбекистонда жинсий эркинликка қарши қуйидаги жиноятлар учун жиноий жавобгарлик жорий этилган: номусга тегиш, жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш, бесоқолбозлик, аёлни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш. Бунда, айбни оғирлаштирадиган қатор ҳолатлар кўзда тутилган. Улар орасида: номусга тегиб ва зўрлик ишлатиб жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш ва бунда жабрланувчининг ўн саккиз ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган ҳолда, шунингдек, яқин қариндошига нисбатан содир этилган бўлса, айбланувчига ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Ушбу моддада назарда тутилган ҳаракатлар ўн тўрт ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан содир этилган айбланувчи ўн беш йилдан йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Агар аёл зўравонга нисбатан бирор жиҳатдан қарам бўлган бўлса, айбланувчига қандай жазо қўлланилиши мумкин?

Хизмат, моддий ёки бошқа жиҳатлардан айбдорга қарам бўлган аёлни жинсий алоқа қилишга ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондиришга мажбур этиш уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади. Ўша ҳаракат жинсий алоқада бўлиш ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш билан боғлиқ ҳолда содир этилган бўлса, – уч юз соатдан тўрт юз саксон соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Жисмоний ёки руҳий зўравонликда айбланаётган шахсга қандай чоралар кўрилиши мумкин?

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлаш, башарти, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир этилган бўлса, жиноий жавобгарликка тортиш кўзда тутилган. Бунинг учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши мумкин. Шахсни қўрқитиш, унга раҳмсиз муомала қилиш ёки унинг шаъни ва қадр-қимматини муттасил равишда камситиш натижасида уни ўзини ўзи ўлдириш даражасига ёки ўзини ўзи ўлдиришига суиқасд қилиш даражасига етказиш уч йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Ўша ҳаракатлар: моддий томондан ёки бошқа жиҳатлардан айбдорга қарам бўлган шахсга нисбатан; вояга етмаган шахсга ёки ҳомиладорлиги айбдорга аён бўлган аёлга нисбатан; бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, – телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб содир этилган бўлса, етти йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунда ҳам айбдорга нисбатан индивидуал чора-тадбирлар ҳам назарда тутилган: профилактика суҳбатини ўтказиш; ҳимоя ордерини бериш; айбдорнинг зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастурларидан ўтиш; Келгусида зўравонлик ҳолатлари бўлишининг олдини олиш учун сиз тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларга ёрдам бериш бўйича махсус марказларга жойлаштирилишингиз мумкин.

Турмуш ўртоғим билан бирга яшаган йиллар давомида олинган мол-мулк унинг номига олинган бўлса ва биз ажрашадиган бўлсак, шу мол мулкка менинг эгалик ҳуқуқим борми?

Агар сизнинг никоҳингиз ФҲДЁ идорасида рўйхатга олинган бўлса, шу никоҳ давомида олинган ҳар қандай мол-мулк, ҳатто сиз ишламаган бўлсангиз ҳам, уй ишларида, болаларни тарбиялаш билан машғул бўлган бўлсангиз ҳам, у мулк тенг иккига бўлинади. Агар ажрашгандан кейин болалар сиз билан қолса, суд мулкдаги улушингизни оширишга ҳақлидир. Сиз ажрашмоқчи бўлмасангиз ҳам, сизни эр-хотин умумий мулкининг бир қисми эгаси деб тан олиш учун сиз судга мурожаат қилишингиз мумкин. Никоҳ қуришдан олдин ёки биргаликда яшаш давомида қайси мулк кимга тегишли бўлиши ва ажрашиш ҳолатида мулкка эгалик ҳуқуқи батафсил кўрсатиладиган никоҳ шартномаси тузилса, янада яхши бўлади.

Агар турмуш ўртоғим мени болалар билан фақат эгнимиздаги бор нарса билан уйдан ҳайдаб юборса, ўзимизга тегишли бўлган кийим-кечак, ўқув қуроллари ва шу каби буюмларимизни уйдан қандай олиб кетишим мумкин?

Бундай ҳолда сиз маҳалла вакиллари ва профилактика инспектори иштирокида уйга киришга ҳаракат қилишингиз керак. Аммо, агар сизнинг турмуш ўртоғингиз ушбу муаммони тинч йўл билан ҳал қилишдан бош тортса, унда сиз никоҳгача бўлган мол-мулк ва шахсий нарсаларнинг ундирилиши тўғрисида даъво аризаси билан судга мурожаат қилишингиз керак бўлади. Шунингдек, сиз судга турмуш ўртоғингиз ёки бошқа қариндошларингиз сизни яшашингизга тўсқинлик қилаётганлигини кўрсатган ҳолда уйга киритиб қўйиш тўғрисидаги даъво аризаси билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эгасиз ва суд барча ҳолатларни аниқлаб, даъво аризангизни қаноатлантириши мумкин. Шу билан бирга, агар сиз ўзингиз уйдан чиқиб кетган бўлсангиз ва 6 ойдан ортиқ низоли турар-жойда узрли сабабларсиз яшамаётган бўлсангиз, у ҳолда жавобгарлар турар-жойдан фойдаланиш ҳуқуқингиз йўқолган деб топиш тўғрисида судга қарши даъво билан мурожаат қилишлари мумкин.

Эр-хотин ажрашганда болалар масаласи қандай ҳал қилинади?

Иккала ота-она ҳам болаларга нисбатан тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга. Шунинг учун, агар бола ота-оналаридан бирида қолса, бошқа ота-она уни кўриш ва тарбиясида қатнашиш ҳуқуқига эга. Агар низо юзага келса, бу масала суд томонидан ҳал қилинади; суд ўз қарорида бола(лар) билан кўришиш тартибини белгилаб беради. Болаларнинг яшаш жойини белгилаш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишда суд болаларнинг ёшидан қатъи назар, уларнинг фикрларини тинглайди ва уларнинг энг юқори манфаатлари асосида қарор қабул қилади. 2020 йил март ойидан бошлаб ўн тўрт ёшли бола ота-онасини биридан ёки иккаласидан алимент ундириш тўғрисида ариза билан судга шахсан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Суд ушбу аризаларни кўриб чиқади ва қарор қабул қилади.

Агар боланинг ҳуқуқлари зўравонлик содир этган шахс томонидан бузилган бўлса, у боланинг ҳуқуқлари қандай ҳимоя қилинади?

Бола шахсан зўравонлик жабрдийдаси ёки онасига нисбатан содир этилаётган зўравонликнинг гувоҳи бўла туриб, бундан азият чекиши мумкин. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, у маиший зўравонлик жабрланувчисига айланади. Бундай ҳолда, барча давлат органлари, хусусан ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, болалар Омбудсмани, васийлик ва ҳомийлик органлари, маҳалла, ҳокимлик уни ҳимоя қилади. Ҳозирги вақтда бола, ёшидан қатъи назар, ўзининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун ҳар қандай давлат органига шахсан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга ва унинг аризаси унинг энг юқори манфаатларини ҳисобга олган ҳолда кўриб чиқилиши зарур. Айбдор шахсга нисбатан таъсир чоралари ва зарурат туғилганда, жазо чоралари кўрилади.

2021 © Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги

Мазкур вебсайт БМТ Тараққиёт Дастури билан ҳамкорликда Япония ҳукумати молиявий кўмагида яратилган