Вазирликка мурожаат

Ҳурматли фойдаланувчи, сиз “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида” Ўзбекистон Республикасининг Қонунига мувофиқ, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эгасиз. Вазирликка мурожаат қилишдан олдин Вазирлик фаолиятига оид маълумот олишга оид мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби билан танишиб чиқишингизни маслаҳат берамиз.

 

Мурожаатларнинг турлари

Мурожаатлар аризалар, таклифлар ва шикоятлар тарзида бўлиши мумкин.

Ариза — ҳуқуқларни, эркинликларни ва қонуний манфаатларни амалга оширишда ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги илтимос баён этилган мурожаат.

Таклиф — давлат ва жамият фаолиятини такомиллаштиришга доир тавсияларни ўз ичига олган мурожаат.

Шикоят — бузилган ҳуқуқларни, эркинликларни тиклаш ва қонуний манфаатларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги талаб баён этилган мурожаат.

Мурожаатлар, уларнинг тури ва шаклидан қатъи назар, бир хил аҳамиятга эга.

 

Мурожаатларни бериш тартиби

Мурожаатлар уларда қўйилган масалаларни ҳал этиш Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига бевосита, шу билан бирга тизимдаги ташкилотларга ёхуд бўйсунув тартибида юқори турувчи органга берилади.

Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатни мустақил равишда беришга, шунингдек бу борадаги ваколатни ўз вакилига беришга ёхуд мурожаатни почта алоқаси воситалари орқали ёки электрон шаклда юборишга ҳақли. Вояга етмаганлар, муомалага лаёқациз ва муомала лаёқати чекланган шахсларнинг манфаатларини кўзлаб, мурожаатлар уларнинг қонуний вакиллари томонидан қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда берилиши мумкин.

Мурожаатга у бўйича илгари қабул қилинган мавжуд қарорлар ёки уларнинг кўчирма нусхалари, шунингдек уни кўриб чиқиш учун зарур бўлган бошқа ҳужжатлар илова қилиниши мумкин, мазкур ҳужжатлар қайтарилмайди, мурожаат этувчи уларни қайтариш ҳақида ёзма ариза берган ҳоллар бундан мустасно. Мурожаат тааллуқлилиги бўйича бошқа давлат органига юборилганда, унга кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар илова қилиниши керак.

 

Мурожаатларни бериш муддатлари

Мурожаатларни бериш муддатлари, қоида тариқасида, белгиланмайди. Айрим ҳолларда, агар Вазирликнинг мурожаатни кўриб чиқиш бўйича имкониятларига, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ўз вақтида амалга ошириш ва ҳимоя қилишни таъминлаш заруратига боғлиқ бўлса, шунингдек қонунларда назарда тутилган бошқа асосларга кўра мурожаатни бериш муддати белгиланиши мумкин.

 

Бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ариза ёки шикоят жисмоний ёки юридик шахсга унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини бузувчи ҳаракат (ҳаракацизлик) содир этилганлиги ёхуд қарор қабул қилинганлиги маълум бўлган пайтдан эътиборан узоғи билан бир йилдан кечиктирмай берилади.

 

Мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби

Вазирликка келиб тушган мурожаатлар Вазирлик томонидан ёки унинг мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича мажбуриятлар зиммасига юклатилган мансабдор шахси томонидан кўриб чиқилади.

Қўйилган масалаларни ҳал этиш Вазирликнинг ваколат доирасига кирмайдиган мурожаатлар беш кунлик муддатдан кечиктирмай тегишли органларга юборилиб, бу ҳақда мурожаат этувчига ёзма ёхуд электрон шаклда хабар қилинади.

Мурожаатларни кўриб чиқиш учун асоссиз равишда бошқа давлат органларига ўтказиш ёхуд қарорлари ёки ҳаракатлари (ҳаракацизлиги) устидан шикоят қилинаётган органларга ёки мансабдор шахсларга юбориш тақиқланади.

Агар мурожаатларда уларни тегишли органларга юбориш учун зарур маълумотлар мавжуд бўлмаса, бу мурожаатлар мурожаат этувчига беш кунлик муддатдан кечиктирмай асослантирилган тушунтириш билан қайтарилади.

Мурожаатни тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқиш учун қўшимча маълумотлар, маълумотномалар ва материалларга зарурат пайдо бўлган тақдирда, Вазирликнинг мансабдор шахси мурожаат этган жисмоний ёки юридик шахсдан, шунингдек ўз ваколатлари доирасида бошқа давлат органларидан қўшимча ахборотни сўраб олиши мумкин. Агар ахборот давлат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни ўз ичига олган бўлмаса, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларига, жамият ва давлат манфаатларига зарар етказмаса, Вазирлик, унинг мансабдор шахслари ўзларидан сўралаётган ахборотни ўн кун ичида тақдим этилишини таъминлайдилар.

Мурожаатни кўриб чиқишда Вазирлик масъуллари, зарур ҳолларда, мурожаат жойининг ўзига бориб кўриб чиқилишини таъминлаши мумкин.

Мурожаат этувчи ёки бошқа шахс йўқлигида мурожаатни кўриб чиқиш имкони бўлмаса, улар Вазирлик мансабдор шахси томонидан чақирилиши мумкин. Чақирилган мурожаат этувчи келмаган тақдирда, Вазирликнинг мансабдор шахси мурожаатни унинг иштирокисиз кўриб чиқиш имкони йўқлиги ҳақида жавоб юборади.

Мурожаатга жавобни Вазирликнинг раҳбари ёки бошқа ваколатли мансабдор шахси имзолайди.

Агар мурожаатда қўйилган масалалар хўжалик юритувчи субъэктлар фаолиятига дахлдор бўлса, уларнинг вакиллари мурожаатни кўриб чиқишда иштирок этиш учун давлат органлари томонидан ўз ваколатлари доирасида жалб этилади.

Агар мурожаатни кўриб чиқишда хўжалик юритувчи субъэктларнинг фаолиятини текшириш, шу жумладан молиявий-хўжалик фаолиятини текшириш (тафтиш қилиш) зарурати юзага келса, текшириш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Жисмоний ва юридик шахслар ўз мурожаатларини улар кўриб чиқилгунига қадар ва кўриб чиқилаётган вақтда мурожаат юзасидан қарор қабул қилингунига қадар ёзма ёхуд электрон шаклда ариза бериш орқали қайтариб олиш ҳуқуқига эга.

Мурожаатни қайтариб олиш ҳақидаги ариза Вазирлик томонидан қонун бузилишларини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича чоралар кўрилишини истисно этмайди.

 

Мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари

Ариза ёки шикоят Вазирликка келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади.

Ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш учун текшириш ўтказиш, қўшимча материаллар сўраб олиш ёхуд бошқа чора-тадбирлар кўриш зарур бўлган ҳолларда, уларни кўриб чиқиш муддатлари Вазирлик раҳбари томонидан истисно тариқасида узоғи билан бир ойга узайтирилиши мумкин, бу ҳақда мурожаат этувчига хабар қилинади.

Таклиф Вазирликка келиб тушган кундан эътиборан бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади, қўшимча ўрганишни талаб этадиган таклифлар бундан мустасно, бу ҳақда таклифни киритган жисмоний ёки юридик шахсга ўн кунлик муддатда ёзма шаклда хабар қилинади.

 

Мурожаатларни кўрмай қолдириш

Қуйидаги мурожаатлар кўриб чиқилмайди:

аноним мурожаатлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатлар, уларнинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда;

қонунда белгиланган бошқа талабларга мувофиқ бўлмаган мурожаатлар.

 

Вазирлик манзили:

Тошкент, 100047, Амир Темур шоҳ кўчаси, 4

 

Транспорт:

Метро: Амир Темур бекати

Автобус: № 38,51,58,67,71,85

Тел.: (998 71) 238-4107, факс (998 71) 239-8782

Алоқа:

 

Юридик ва жисмоний шахслар мурожаатлари билан ишлаш бўлими масъул ходими — Назарбоев Жамшид

Тел.: (998 71) 233-00-22

Факс: (998 71) 236-23-52

E-mail: murojat@moqqv.uz

Иш графиги:

Душанба - жума: 9:00 - 18:00

Тушлик: 13:00 - 14:00

Дам олиш кунлари: Шанба ва якшанба

Электрон почта: info@moqqv.uz

2021 © Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги

Мазкур вебсайт БМТ Тараққиёт Дастури билан ҳамкорликда Япония ҳукумати молиявий кўмагида яратилган