18 Май 2021,13:05 644
Чоп этиш

Вазирнинг биринчи ўринбосари Андижонда

ёхуд ижтимоий тармоқлар орқали тарқалган, Андижон туманида яшовчи аёлнинг номаълум кишилар томонидан жинсий зўрланганлиги ҳақидаги хабарга муносабат

 

Дастлабки маълумотларга кўра, жорий йилнинг 13 май куни Андижон вилояти Андижон тумани “Қорақалпоқ” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро О.О шу ҳудудда жойлашган дала шийпонида бир гуруҳ фуқаролар томонидан жинсий зўрланганлиги аниқланди.

Айни вақтда воқеага алоқадорликда гумон қилинган шахслар аниқланган ҳамда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Таъкидлаб ўтиш лозимки, ушбу ҳолат Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг шахсий назоратига олинган бўлиб, ҳозирга қадар вилоят ИИБ раҳбарияти билан воқеа тафсилотлари бўйича доимий мулоқот олиб борилмоқда.

Шунингдек, ҳолат тасдиқланадиган бўлса, суд жараёнларида вазирлик томонидан малакали адвокат ёлланади ҳамда суддан жиноятчиларга нисбатан қонунчиликда белгиланган энг оғир жазо тайинланиши сўралади.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, бугунги кунга қадар мамлакатимизда  тазйиқ ва зўравонлик қурбонига айланган хотин-қизларни давлат ҳимоясига олиш, уларга “Ҳимоя ордери” бериш ёки бошқа кўринишдаги турли ҳимоя чораларини қўллаш орқали ҳуқуқий ёрдам кўрсатиб келинмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг шу вақтига қадар Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказларига мурожаат қилган 2 437 нафар фуқароларнинг 1 156 нафарига психологик, 1 026 нафарига ҳуқуқий, 77 нафарига тиббий ёрдамлар кўрсатилди, 11 300 нафарига “Ҳимоя ордери” берилди.

2019 йил 2 сентябрда Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тайзиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни ҳамда 2020 йил 4 январда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 3-сон қарори қабул қилинган.

Аммо қонунчиликда хотин-қизларга тазйиқ ва зўравонлик қилган шахсларга нисбатан кескин чоралар қўллаш бўйича аниқ ҳуқуқий нормалар белгиланмаганлиги ва бунинг оқибатида зўравонликни амалга ошираётган шахс ўзининг қаттиқ ҳуқуқий жазога тортилишини ҳис қилмаганлиги натижасида бу каби салбий ҳолатлар, афсуски, учраб турмоқда.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги мазкур жиҳатларни инобатга олган ҳолда мавзуга оид қонун нормалари ҳамда айби исботланган жиноятчига нисбатан жавобгарликни кескин кучайтириш бўйича Олий Мажлис Сенатига ўзининг асосли таклифларини киритди. Шунингдек, келгусида бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш, аёлларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича вазирлик томонидан тегишли чора-тадбирлар мунтазам давом эттирилади.

Айни вақтда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Гулнора Маруфова бошчилигидаги Ишчи гуруҳ аъзолари маҳаллий ҳокимлик вакиллари билан биргаликда Андижон туманига бориб, жабрланувчи билан кўришиб, суҳбатлашди. Унга барча зарурий, хусусан, психологлар ёрдами кўрсатилмоқда.

Хусусан, Андижон вилояти Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси, тумандаги “Қорақалпоқ” маҳалла фуқаролар йиғини томонидан жабрланувчи аёлнинг яшаш шароитларини янада яхшилаш, унга қўшимча моддий ёрдам кўрсатиш, бандлигини таъминлаш борасида зарур чоралар кўрилмоқда.

Мазкур ҳолат бўйича қўшимча маълумот берилади.

 

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech