Маҳалла 18 Май 2021,11:47 4214
Чоп этиш

Маҳалла ходимларининг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида

Айтиш лозимки, сўнгги йилларда Давлатимиз раҳбари бошчилигида маҳалла тизимини жамиятнинг энг муҳим ва фаол бўғинига айлантириш, соҳа ходимларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга зарур меҳнат шароитларини яратиб бериш, ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан бугунги кунга қадар фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ходимларининг самарали иш олиб боришлари учун барча зарур ёрдамлар кўрсатиб келинмоқда.

Аммо ҳали ҳамон баъзи ҳудудларда рўй бераётган маҳаллий ҳокимлик ва турли бошқа соҳа раҳбарларининг маҳалла ходимлари ишига асоссиз аралашуви, уларга турли тазйиқ ўтказиш ҳолатлари учраб турибдики, бу ҳозирги демократик жамиятнинг ҳеч бир тамойилига тўғри келмайди.

 Куни кеча ижтимоий тармоқлар орқали тарқалган, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Бахтиёр Раҳмоновнинг Тошкент вилояти Оққўрғон тумани “Уста Нормат” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Алишер Икромовни турли ножўя сўзлар билан ҳақоратлаб, унга нисбатан жисмоний куч ишлатганлиги тўғрисидаги хабар соҳадаги барча ходимларни янада ҳушёр торттирди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Ахборот хизмати масъул ходимлари ҳамда Тошкент вилояти Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси раҳбарияти воқеага аниқлик киритиш мақсадида А. Икромов билан боғланишди ҳамда ҳолат бўйича  дастлабки маълумотларни олди.

А. Икрамов томонидан берилган маълумотга кўра, жорий йилнинг 9 май куни у “Уста Нормат” маҳалласи Деҳқонобод кўчасида жойлашган, Б. Раҳмоновнинг ота уйига чақиртирилади. У бу ерда ўзининг хизмат вазифасига алоқадор бўлмаган, умуман бошқа бир масаланинг бажарилмаганлиги бўйича Б.Раҳмонов томонидан турли ножўя сўзлар билан ҳақоратланади, ҳатто унга нисбатан жисмоний куч ишлатилади.

Айни вақтда мазкур ҳолат Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири назоратига олинган ҳамда Вазирлик Ишчи гуруҳи томонидан воқеа тафсилотлари батафсил ўрганилмоқда.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Ишчи гуруҳ хулосаси асосида А.Икрамовнинг, умуман, маҳалла тизимидаги барча ходимларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича қонунчиликда белгиланган ҳамда ўз ваколати доирасидаги барча чораларни амалга оширишини маълум қилади.

 

Қўшимча изоҳ: 2013 йил 22 апрелда янги таҳрирда қабул қилинган, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига кўра, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятига давлат органларининг ва улар мансабдор шахсларининг аралашувига йўл қўйилмайди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги ПФ-5938-сонли Фармонига асосан, фуқаролар йиғинлари ходимларини уларнинг вазифа ва фаолият йўналишлари билан боғлиқ бўлмаган йиғилиш ва бошқа тадбирларга жалб қилиш, уларнинг фаолиятига асоссиз аралашиш, тааллуқли бўлмаган вазифаларни юклаш талабларини бузганлиги учун давлат органлари ва ташкилотлари масъул ва мансабдор шахсларини эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган жазо чораларини қўллаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига ўрнатилган тартибда таклиф киритиб бориш ҳуқуқига эга.

 

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech