Бугунги кун гендер тенглигининг шарқона илдизлари

Жамият тараққиётида  эркаклар ва аёллар тенглиги ва ҳуқуқлари масаласи қизғин баҳс ва тортишувлар орқали ўрганиб келинмоқда. Ғарб давлатларининг  мазкур масаладаги фикрларининг шаклланиш тарихига қарасак, эркаклар ва аёллар тенглиги ҳақидаги ижтимоий-фалсафий қарашлар қадимги даврлардаёқ юнон файласуфи Антифонтнинг асарларида, машҳур аллома Пифагорнинг қарашларида, Суқротнинг таълимотида, фалсафа фанининг отаси Платоннинг “Идеал давлат” асарида ёритиб ўтилганлигини кўрамиз.

“Жамият аъзоларининг таълим фоизини ташкил этадиган аёлларни ҳурмат қилиш, авайлаб-асраш шарқ халқларига хос бўлган юксак фазилатдир. Қадимги ота боболаримиз аёлларни камситишни ахлоқсизлик деб ҳисоблаганлар. Бу борада  адолатсизликка йўл қўйиш эса ҳуқуқий жиноятдан ҳам  қаттиқ қораланган. Ҳар қандай жиноий иш қилишга қодир бўлган шахс ҳам ўз онасини, хотинини ҳақорат қилишга, камситишга ботина олмаган.
Бу борадаги  тенглик мулкий муносабатларда ҳам бўлган. Зиё Гукалининг ёзишича, оддий оилаларда ҳам мулк эр ва хотиндан иккисига баробар  тегишли бўлган. Бошқаларга нисбатан валийлик оталарда  қанчалик бўлса, оналарда ҳам шундай бўлгани маълум. Эркаклар доимо ўз хотинларига катта ҳурмат билан қараганлар. Бу эса аёлларни ҳурмат қилиш қадимги ота-боболаримизнинг оддий одати эмас, балки қон-қонига сингиб кетган эътиқодига айланганини кўрсатади. Зиё Гуркалининг кўрсатишича “қадимги халқлар орасида ҳеч бир қавм туркларчалик хотин жинсиятига шунчалик ҳақ-ҳуқуқ бермаган ва ҳурмат кўрсатмаган”

Аёллар жамият ҳаётида ўзига хос ўрни борлиги шарқ мамлакатлари алломаларининг асарларида, қолдирилган тарихий манбаларда кенг ёритиб бера олинган. Шарқда аёл доимо дўст, оқила, оила рахнамоси деб улуғлаб келинган. Тарихий манбаларда аёл фақат оилавий ишларда эмас, шу билан бирга давлат ишларини  бошқаришда рахбар сифатида фаолият кўрсата олиши мумкинлиги тўғрисидаги фикрларни учратиши мумкин.

Қадимги юнон муаллифлари Геродот ва Ксенофонтларнинг хабар беришича Ўрта Осиёга бостириб кирган Кир II бошчилигидаги  Эрон қўшинларига қарши курашда Массагетлар маликаси Тўмарис катта қаҳрамонлик кўрсатган. Геродотнинг “Тарих” асарида ёзилишича  Тўмарис Эронлик босқинчиларга  қарши курашда барча қабилаларни  бирлаштирган, ўз ватанини озодлигини сақлаб қолиш учун  қаттиқ жангларда қатнашди ва душманни енга олган.

 Тўмарис ҳақида қолдирилган тарихий манбаларда аёллар давлат  бошқарувида  ҳам фаол қатнашганликларидан далолат беради.

Туркий халқлар тарихида аёлларнинг жамиятдаги  мавқеи жуда юқори  бўлган. Араб тарихчиси Ибн Батутута асарларида кўрсатилишича  турк султонлари барча муҳим ҳужжатларга имзо чекаётганларида “султон ва унинг хотинининг амри билан”деб ёзганлар.

Марказий Осиёнинг машҳур алломаларидан бири Абу Райҳон Берунийнинг асарларида ҳам оилада жамиятда аёлларнинг ўрни ва роли катта  эканлиги кенг ёритиб бера олинган. Аллома ўз қарашларида  оила тинчи, ундаги соғлом маънавий муҳит бевосита оқила ақлли, фаросатли, тарбияли, маданиятли, тарбияли аёллар қўлида эканлигига алоҳида урғу берган.

Абу Райҳон Берунийнинг ижтимоий қарашларида одил ҳукмдорнинг  асосий вазифаларини санаб берар экан жамият аъзолари ўртасидаги тенгликни  таъминлаб бериш ҳам унинг асосий вазифаларидан бири деб такидлаб ўтган. Алломанинг фикрича юқори ва қуйи табақа вакиллари ўртасида адолат ўрнатиш, кучлилар ва ожизлар ўртасида тенгликни барқарор этиш  ҳукмдорнинг асосий вазифаларидан ҳисобланади. Тенглик ҳукмрон жойда қайғу-алам, нотинчликлар ўз ўзидан барҳам топади.

Абу Райҳон Берунийнинг ахлоқ-одобга оид ғоялари беҳад даражада мазмунлидир. Жамият аъзоларининг энг аввало аёл кишининг  ахлоқий қиёфаси, тарбияси, оқилалиги барча инсонларга катта таъсир кўрсатиб, жамиятнинг маънавий, маданий ижтимоий тараққиётига катта таъсир кўрсатади.Унинг асарларида ёзилишича ҳар қандай жинс вакили жамият ҳаётида ўз ўрнига эгадир, инсонларни жинсига қараб ажратиш, бир жинс вакилини бошқа жинс вакилидан устун қўйиш ижтимоий адолатсизликдир.

Марказий Осиёнинг алломаларидан ҳисобланган Абу Али ибн Синонинг ижтимоий адолат тўғрисидаги қарашлари, аллома томонидан илгари  сурилган ғоялар гендер тенгликни таъминлашнинг шарқона  илдизлари сифатида хизмат қилиши мумкин. Ибн Сино ўзининг ижтимоий-сиёсий ғояларида инсонни ижтимоий жонзот деб тарифлайди ҳамда ҳар бир жинс вакилларидан ўзаро манфаатли ҳамкорлиги  улар ҳаётининг ягона таянчидир деб такидлаб кўрсатади. Жамиятнинг барқарорлиги унинг аъзолари учун бир хил мазмунга эга бўлган қонун ва адолатли ҳукмнинг мавжудлигига боғлиқдир. Жамиятнинг барча аъзолари ўз имкониятлари даражасида ижтимоий фойдали фаолият билан банд бўлишлари лозим.       

Абу Али ибн Синонинг оилавий муносабатлар, жамият аъзоларининг ижтимоий фаоллиги, ўз вазифаларини ҳис этиш масалаларига доир қарашлари ҳам эркак ва аёллар ўртасидаги тенгликни таминлашга хизмат қилиш билан бирга аёллар эгаллашлари зарур бўлган яхши, гўзал хулқларнинг энг муҳимларини кўрсата олганлиги  диққатга сазавордир.

Эркаклардаги мардлик, меҳнатсеварлик, Ватанпарварлик сингари фазилатлари аёллардаги яхши хулқ, гўзал одоб, юксак маънавият билан уюшган ҳолдагина жамият юксала олади. Марказий Осиёнинг барча буюк алломалари жамиятнинг тараққиёти фақат  бир жинс вакилининг фаолиятига боғлиқ эмаслигини такидлаб ўтишган.

Абу Али ибн Синонинг “Тадбири манозил” асарида аёл зотини улуғлайдиган, унинг жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган фазилатлар ҳақидаги фикрлари илгари сурилган. Ҳар бир  инсоннинг жамиятдаги ўз ўрнини топиб олишига хизмат қиладиган энг муҳим омиллардан бири доимо хулқ ва одоб бўлиб келган. Аллома аёлларнинг оиладаги ва жамиятдаги мавқеиларини оширишга таъсир кўрсатадиган яхши хулқ одобининг қуйидаги шаклларини санаб ўтади.

  • ҳар бир аёл билимли, маърифатли, юксак тафаккурга эга бўлсин;
  • зеҳнли ва эътиқоди кучли бўлган ҳар бир аёл жамиятдаги ўз мавқеини мустаҳкамлай олади;
  • уятчанлилик, шарм-ҳаёлилик аёлларнинг энг яхши фазилатларидан биридир;
  • аёл табиатан жасур бўлишга интилишлари зарур;
  • ўз умр йўлдошини ва фарзандларини севсин;
  • фарзандли бўлиш ва бола тарбияси билан шуғулланиши ҳақида ўйласин;
  • аёл киши эзма ва сергап бўлмаслиги керак;
  • ўз умур йўлдошига бўйсунсин ва уни ҳурмат қилсин;
  • тўғри сўзлиги, камтар ва фаросатли бўлсин;
  • аёл киши ҳеч қачон ўз шанига доғ тушурмаслиги керак;
  • аёл ўз вазифасини ва бурчини яхши билиши керак;
  • аёл киши оила хўжалигидаги нарсалардан тўғри, тежаб фойдаланишни билсин.

Абу Али ибн Синонинг аёллардан оиладаги ва жамиятдаги тутадиган ўрнига таъсир кўрсатувчи бундай омилларнинг кўрсатиб ўтилиши аллома яшаб ўтган даврларда ҳам аёллар тараққиётига ўз таъсирини кўрсатадиган куч эканлигидан далолатдир.

Буюк саркарда ва соҳибқирон Амир Темур ҳам ўзининг қудратли давлатини бошқариш жараёнида аёлларнинг жамиятдаги мавқеини оширишга ҳаракат қилди. Амир Темур ҳукмронлик қилган йилларда унинг давлатига чет эллардан кўплаб сайёҳлар, савдогарлар, элчилар ташриф буюрган. Кунлардан бирида ўзга юртлик сайёҳлар бир кўчадан ўтиб кетаётиб хонадонлар эшиги олдида турган бўш идишларни кўриб, ҳайрон бўлишган ва маҳаллий аҳолининг бу идишлар нима учун деб сўраган эканлар, шунда маҳаллий аҳоли вакилларидан бири шундай жавоб берган экан “Биз жамиятимизда аёлларнинг оғир юк кўтариб юриши  эркаклар учун уятли ҳолдир. Кўчадан ўтиб кетаётган ҳар бир эркак ушбу идишларни сув ва ўтин билан тўлдириб қўйишни ўзининг бурчи деб билади.

Амир Темур ва темурийлар даврида аёлларни қадрлаш, уларнинг ҳурматини  жойига қўйиш, авайлаб асраш кундалик ҳаётидаги  оддий ҳолатлардан бири эди. Буюк соҳибқироннинг “Аёлларга имкон қадар илиқ муомилада бўлишга ҳаракат қилдим” деган гапи бунинг яққол исботидир.

Соҳибқирон ўзининг қудратли давлатини адолат билан бошқарар экан аёлларнинг жамиятдаги мавқеини пасайиб кетганлиги учун ҳам ҳаракатлар қилди. Темурий маликалар ҳар томонлама зеҳнли, фаросатли, тарбияли, маданиятли бўлишган, турли масалаларда маслаҳатлар бериш қобилиятига ҳам эга бўлганлар.

Тарихий манбаларга қараганда Амир Темур оила қуриш масалаларига давлат юмишларига қарагандек жуда жиддий эътибор берган экан. Амир Темур ўз “Тузуклари”да келин танлаш ҳақида қуйидаги фикрларни билдирган “Ўғилларим, набираларим ва яқинларимни уйлантирмоқ ташвишида келин изламоққа эътибор бердим. Бу ишни давлат юмишлари билан тенг кўрдим. Келин бўлмишнинг насл-насабини, етти пуштини суриштирдим. Хос одатлар орқали соғлиғини, жисмоний камолотини аниқладим. Келин бўлмиш насл-насаби, одоб-ахлоқи, соғлиги билан барча қусурлардан холи бўлсагина эл-юртга катта тўй-томоша бериб, келин тушурдим.”

Марказий Осиё минтақасида эркаклар ва аёллар тенглиги  масаласи мутафаккур Алишер Навоий таълимотида ҳам ўзининг ифодасини топган. Алишер Навоий ижтимоий-сиёсий масалалар борасида ўзига хос инсонпарварлик таълимотини яратди. У давлат арбоби-вазир  сифатида фаолият кўрсатар экан ижтимоий сиёсат борасида адолат тамойилларига суянишга интилди.

Буюк аллома Алишер Навоийнинг эр-хотин муносабатлари, бурчлари, аёллар фазилати, уларнинг оила, жамият ҳаётида тутган ўрни ҳақидаги  қарашлари беқиёсдир. Ҳазрат Навоийнинг “Хамса” достони ва “Маҳбуб ул-қулуб” асари ижтимоий фалсафий, ахлоқий ва инсонпарварлик ғояларига бой бўлиб, унда жамият аъзолари, уларнинг бахт-саодати, комил инсон, одиллик, эзгулилик, тенглик ва бошқа маънавий қадриятлар ҳақида қимматли фикрлар илгари сурилган.

Алломанинг “Маҳбуб ул-қулуб” асаридан “Уйланиш ва хотинлар тўғрисида”ги қисмида оила қуриш, оила одоби, оилада аёлларнинг фазилатлари, фарзанд тарбиясида аёлларнинг тутадиган ўрни ҳақида фикрлари илгари сурилган. Алишер Навоий аёлнинг ижтимоий ҳаётнинг турли соҳаларида, шу турмушдаги тутадиган ўрни ҳақида қуйидаги фикларини билдириб ўтади. “Яхши хотин-оиланинг давлати ва бахти. Уйнинг озодалиги унинг, уй  эгасидан хотиржам ва осойишталиги унинг ҳуснли бўлса  кўнгил ёзиғи, хушмуомила бўлса, жон озиғидир. Оқила бўлса, рўзғорда тартиб -интизом бўлади, асбоб- анжомлар покиза ва саранжом туради.

Алишер Навоий Астрабод вилоятида ҳокимлик қилар экан, ўғил  болалар билан бир қаторда қиз болаларнинг ҳам илмли-маърифатли бўлиш имкониятларини кенгайтириб берди. Унинг асарларидаги бош қаҳрамонлар  орасида аёллар образини ҳам кўриш мумкин, буларнинг барчаси  ўша даврларда ҳам аёлларнинг жамиятнинг ижтимоий, маданий-маънавий ҳаётида ўз ўрни бўлганлигидан ва улар жамият тараққиётига катта таъсир кўрсатганлигини кўрсатади.

Ватанимиз тарихини ўрганар эканмиз аёллар оиладаги ўз  вазифаларини бажариш билан бирга давлатни бошқариш борасида  ҳам фаол бўлганлигини кўрсак бўлади. Тўмарис массагетлар маликаси сифатида ўз қабиласини бошқарганлигини душманларга қарши курашда барча қабиладошларини ўз орқасидан эргаштира олганлигини ва душмани енга олганлигини кўриб ўтсак бўлади.

XVIII  аср охирларида XIX асрнинг биринчи ярмида “Комила”, “Нодира” тахаллуслари билан ижод қилиб Фарғона водийсида “Нодираи даврон” номи билан шухрат қозонган Моҳларойим ўғли Муҳаммад Алихон подшолиги даврида мамлакатни идора қилиш ишларида фаоллик кўрсатди. Нодира Умархон даври анъаналарини давом эттириб, илм аҳлига, адабиёт ва санъат намояндаларига ҳомийлик қилди, маънавий-маданий ҳаётнинг юксалишига ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшди.

Шарқ мамлакатларида аёлларнинг жамиятдаги мавқеини оширишда, уларнинг ҳуқуқларини эркаклар ҳуқуқлари билан тенглаштиришда ислом дини ва унинг таълимотининг ўрни бениҳоя даражада каттадир.

Ислом дини ўз аёлларига нисбатан яхши муносабатда бўлган эркакларни инсонларнинг энг яхшиси қаторига қўшади. “Сизларнинг ичингизда энг яхшингиз ўз аҳли аёлига яхши муносабатда бўлганлигингиздир”- дея мархамат қилинади. Ислом дини аёлга эҳтиром ғамхўрлик кўрсатди, унинг ижтимоий даражасини оширди, эркаклар ва аёллар Аллох олдида тенг эканлигини тасдиқлаб уларнинг ҳуқуқларини тенглаштирди.

Аёл кишининг юбру-эътибори, оилавий муносабатларнинг жамият ҳаётида, тараққиётида тутган ўрни масаласидаги исломий қонун қоидалар ўз даври учун инқилобий аҳамиятга эга бўлган ҳозир ҳам катта ижтимоий-тарбиявий аҳамият касб этаётганини асло инкор этиб бўлмайди.

Ислом дини жоҳилият анъаналарини инкор этган ҳолда аёлни ҳимоя қилиб, уни ҳеч бир маданиятда кўтарилмаган даражага кўтарди, аёлнинг яшаш ҳуқуқини ҳимоя қилиб, унга яхши муносабатда бўлишга ундади.

Жамиятда эркаклар ва аёллар тенглигини таъминлаш  борасида амалга оширилган ишларнинг тарихини ўрганар эканмиз, у жуда кўп мамлакатлардан бу борада амалга оширилаётган ишларига андоза бўлиши мумкинлигини кўрамиз.

Мамлакатимизда аёллар ҳуқуқларини, эркинликларини ҳуқуқлари билан тенглаштириш масаласини ҳеч қачон эътибордан четда қолиб кетмаган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46 сессиясида сўзлаган нутқида “Биз гендер сиёсати масалалари борасида мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ва ишбилармонлик соҳасида аёлларнинг ролини тубдан  оширишга қаратилган ишларни қатъий давом эттирамиз”айтган сўзлари бугунги кунда айнан воқеликдир. 

2019 йилнинг 2 сентябрида қабул қилинган  “Хотин-қизлар ва эркаклар унинг тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонуни эса унинг амалий натижасидир ва у мамлакатимизда гендер тенгликни  таъминлашга қаратилган ҳаракатларни янада кучайтиришга  хизмат қиладиган  яхлит ва асосий ҳужжат ҳисобланади.

Фахриддинова Наргиза Шамсиддиновна Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги бош юрисконсульти

Call-center
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech