Оилада аёл мавқеи ва унинг ёш авлод тарбиясига таъсири

Оила жамият ичидаги кичик жамият муқаддас даргоҳ бўлиб,  ундаги ички муносабатлар, оила устунлари бўлган эр-хотин ўртасидаги муносабатлар, ёш авлодни дунёга келтириб уларни тарбиялаб вояга етказиш жараёнлари биринчи навбатда тарихий анъаналар, миллий маданият иқтисодий шароитлар ва оила аъзоларининг шахсий фазилатлари билан белгиланади.

Оила қонунчилигининг  асосий мақсади оилани мустаҳкамлаш, ёш авлодни баркамол инсонлар қилиб тарбиялаб бориш имкониятларини яратиш учун энг қулай бўлган  ҳуқуқий шарт-шароитларни белгилаш, оилавий муносабатларда эр-хотиннинг тенг ҳуқуқлилиги тамойилини мустаҳкамлаш, шунингдек, уларнинг ҳар бирига тегишли ҳуқуқ ва эркинликларни амалга ошириш учун тенг имкониятларни таъминлашдир. Яқин-яқинларгача эр ва хотиннинг шахсий ҳамда  мулкий ҳуқуқлари тенг эмаслиги, оилада уй юмушларининг нотенг тақсимланиши, муҳим қарорларнинг қабул қилинишида аёлларнинг иштирок этмаслиги оддий ҳолат эди.

Бугун оилада, жамиятда хотин-қизларнинг ижтимоий ҳаётдаги фаолиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани натижасида ижтимоий муносабатларда ҳам қонунчиликда ҳам катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда.

Жамият ҳаётида эркак ва аёлларнинг тенглигига эришиш доимо барча мамлакатлар  сингари Ўзбекистон учун ҳам энг долзарб масалалардан бири бўлиб келган. Бугунги кунда Ўзбекистонда гендер тенгликка  эришишни тўлиқ таъминлаш учун қатор ишлар амалга ошириб  келинмоқда.

 2019 йил сентябр ойида қабул қилинган “Хотин-қизлар  ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонун гендер тенгликни таъминлашнинг ҳуқуқий асосларидан бири   ҳисобланади ва аёлларга эркаклар билан бир қаторда жамият ҳаётининг барча  соҳаларида баробар равишда фаол қатнашиш имкониятларини кафолатлаб  беради. Бугунги кунда  Янги Ўзбекистон келажагини аёлларнинг иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёев хотин-қизларнинг жамиятнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий-маънавий ҳаётидаги  иштирокини юқори баҳолаб қуйидаги фикрларни билдириб ўтадилар “Бугунги кунда Ўзбекистон хотин -қизлари ҳаётимизнинг барча соҳа ва тармоқларида ўзларини тўла намоён этиб келмоқда.

Сизлар давлат ва бошқарув идоралари, вакиллик органларида, ишлаб чиқариш, тадбиркорлик ва фермерлик тармоқларида, ижтимоий  соҳаларда самарали меҳнат қилиб, Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқдамиз.”

Ўзбекистон халқининг энг олийжаноб қадриятларидан бири аёлларни эъзозлаш, уларга эҳтиром кўрсатиш бўлиб келган. Жамият ҳаётида аёлларнинг шундай  бир фазилати борки, уларнинг бажараётган шу вазифасини кўплаб  эркаклар бажара олмайдилар, бу ҳам бўлса, ёш авлод тарбиясидир.

Президентимиз таърифи билан айтганда аёлларнинг соғлом зурриёд, баркамол авлодни тарбиялаб вояга етказишдаги ўрнини ва хизматини ҳеч нарса билан баҳолаб бўлмайди.

Оилада ўзбек халқи учун оила инсон маънавиятини биринчи куртакларини шакллантирадиган муқаддас заминдир, ҳар бир инсон дунёга келган кундан бошлаб оила муҳитида яшайди, оилага хос анъаналар, қадриятлар, урф-одатлар улғайиб бораётган ёш авлодни  тарбиялаб боришнинг мустаҳкам омилларидир. Оилада эркакнинг ҳам, аёлнинг ҳам ўз ўрни бордир.

Оилада фарзандларни  тарбиялашда аёлларнинг ўрни доимо катта бўлиб келган, оила муҳитида аёлнинг барча инсоний фазилатлари фарзандларига  ўтади ва уларнинг маънавиятини шакллантиради.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан қабул қилинган “Хотин-қизлар  ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида конвенсия” ҳамда мамлакатимизда қабул қилинган “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонун аёллар ва эркаклар ҳуқуқларини тенглаштириш билан бирга аёлларнинг ижтимоий ҳаётдаги, оиладаги мавқеининг мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Тенг ҳуқуқли, жамиятнинг барча имкониятларидан фойдаланиш  имконига эга бўлган юксак маънавиятли аёлгина ёш авлодга  давр руҳи талабларига монанд тарбия бериши мумкин.

Оилада аёлнинг ўрни доимо  катта бўлиб келган, шунинг учун ҳам аждодларимиз аёлларни камситиш, уни ҳақорат қилишни, уларга нисбатан зулм ўтказишни ахлоқсизлик ва адолатсизлик деб ҳисоблаб келганлар.

Бугунги кунда жамиятда инсонга таълим, тарбия берувчи ташкилотлар, ўқув юртлари, маърифий муассасалар кўп бўлса ҳам, уларнинг бирортаси онанинг ўрнини тўла эгаллай олмайди. Шу сабабдан ҳам “Хотин-қизлар  ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонунда хотин-қизлар ҳуқуқларини камситишнинг барча кўринишларига барҳам бериш лозимлигининг кўрсатилиши биринчи навбатда оиладан тарбиявий имкониятларини яхшилаш мақсадлари билан боғланган.

Аёллар ҳақ-ҳуқуқини камситиш ёш авлод тарбиясида уларнинг тутаётган ўрнини менсимаслик, уларнинг қўлида тарбиялаётган ёшлар ҳуқуқини ҳам поймол этишдир. Қабул қилинган мазкур қонунда ҳар бир инсон жинсидаги фарқлардан қатъий назар, барча ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлмоғи кераклигини алоҳида қайд этиб ўтилган.

Қонун жамиятимиз олдига эркак ва аёллар учун барча иқтисодий, ижтимоий, маданий фуқаролик ҳуқуқларидан тенг фойдаланиш имкониятларини яратиб бериш вазифасини юкламоқда.  

Қонунда хотин-қизлар манфаатларини изчил ҳимоя қилиш, ота-оналарнинг фарзанд тарбияси учун умумий жавобгарлигини таъминлаш ҳам жамият маънавий камолотининг асосий шартларидан бири экани кўрсатиб ўтилган.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда аёлларнинг жамият ҳаётидаги фаолликларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг оиладаги мавқеини янада кучайтириш мақсадида қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда чунки бу масала XX асрнинг охирига келиб замон талабига айланган эди.

Бу ҳақида Президентимиз Шавкат Мирзиёев қуйидаги фикрларни билдириб ўтган эдилар  “Шунинг учун ҳам мустақиллигимизнинг биринчи кунларидан бошлаб хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, улар учун мутаносиб меҳнат ва турмуш шароитини яратиб бериш, қобилият ва   салоҳиятини рўёбга чиқариш масаласи юртимизда давлат сиёсати даражасига кўтарилди.”

Бугунги кунда ҳеч бир оилани аёлсиз тасаввур этиб бўлмайди, аёл оилани

ушлаб турган устунларидан биридир. Оиланинг маънавий рахномоси ҳам аёлдир. Донолар айтганидек, эркаклар миллатнинг бугуни бўлса, аёллар унинг келажагидир. Бугунги кун - бугунги борлиғимиздир, нақд қўлга киритилган ютуғимиз ёки мағлубиятимиздир. Эртанги кун, келажак бўлса меҳнат, ахлоқ, одоб билан қўлга киритиш мумкин бўлган умид-орзусидир. Инсон доимо эртанги кун умиди билан яшайди.

Аёллар инсоният жамиятининг олтин хазинасидир, келажак авлодни дунёга келтирадиган, уларни тарбиялаб вояга етказадиган ҳам аёлдир, шунинг учун ҳам у муқаддас ҳисобланади. Шарқ ҳикматларида айтилганидек аёл кишини ҳатто гул билан ҳам уриб бўлмайди.

Ҳар бир аёл фарзанд кўришни, уни соғлом ва баркамол  инсон сифатида вояга етказишни орзу қилади. Шу сабабли ҳам болали аёллар уларни боқади, ҳимоя қилади, билим тарбия беради, муайян турмуш малакаларини шакллантиради. Оналарнинг бундай фаолиятлари фарзандлари мустақил оёққа туриши билан тугалланмайди, балки бир умр давом этади. Ҳар бир онанинг 50-60 ёшга кириб қолган фарзанди ҳам унинг кўзига ҳали ёш боладек кўринади. Аёл киши она сифатида  уларга насиҳат қилиш, яхши ишлари учун мақташ, ёмон ишлари учун койиши, ўзи тирик бўлган барча даврларда ҳам давом эттиради.

Аёлларнинг оналик меҳри туғилган ёш гўдак улғайишида, инсон сифатида шаклланишида ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Ҳар бир аёлнинг оналик қалбида ўз фарзандининг соғ-саломатлиги, ахлоқли ва  одоблилигини, яхши, тинч турмуш кечиришини кўришдек буюк умид бўлмайди.

Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқлиликни таъминлаши аёлларнинг олдида турган масъулиятни янада оширади ва уларнинг оиладаги мавқеини янада мустаҳкамлайди. Аёл киши жамиятнинг гавҳаридир, ўқимишли, тарбияли, иффатли аёллар доимо бошқаларга натижа бўлиб келганлар, оила аъзолари  эса улардан фахрланганлар.

Яхши аёллар фарзандларинигина эмас, балки турмуш ўртоғининг ҳам бахтидир. Ўзбеклар “Эрни эр қиладиган ҳам, эрни ер қиладиган ҳам хотинидир” деб бекорга айтмайдилар. Аёл киши она сифатида фарзандларинигина эмас, ўзидаги яхши фазилатлари билан эрини ҳам тарбиялайди. Оиладаги соғлом маънавий муҳитни яратишда ёш авлодни вояга етказишда аёлларнинг ўрни бениҳоя каттадир.

Бугунги кун ёшлари Ўзбекистоннинг келажагидир, шунинг учун ҳам аёллар оила олдидаги масъулияти янада ортиб бормоқда, қонунлар орқали аёллар ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиниши ёш авлодни тарбиялашда аёллар мавқеининг ортиб боришини ҳуқуқий асослари бўлиб хизмат қилмоқда.

Хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган қонунларнинг қабул қилиниши уларнинг ижтимоий жиҳатдан янада фаоллашиб боришларига ўз таъсирини кўрсатмоқда. Аёллардаги энг асосий фазилатлардан бири бўлган оналик меҳри фарзанд қиёфасидагина эмас, балки жамият тараққиётида ҳам ўз аксини топмоқда. Аёл оила барқарорлигини аҳиллигини, фарзандлар тарбиясини жамият юклаган вазифа эмас, балки ўзининг табиий инсоний бурчи деб қарайдилар. Оналар учун унинг барча фарзандлари азиздир. Ҳар бир аёл ўз фарзандларига “ўнта бўлса ўрни бошқа, қирқта бўлса - қилиғи” деган мезон асосида ёндошади.

Аёларнинг она сифатидаги ахлоқий фазилатларида оиладаги ҳуқуқ ва бурчи, ҳурмати борасида кўплаб миллий ўзига хосликлар борки, уларни асло эътибордан соқит қилиб бўлмайди.Бундай ўзига хосликлар, айниқса шарқ аёлларида яққол кўзга ташланади, бундай ўзига хосликлар, уларда инсонийлик фазилатлари албатта оилада дунёга келиб, улғайиб бораётган ёш авлодга ўз таъсирини кўрсатади.

Аёлнинг оиладаги энг яхши фазилатларидан бири шуки, у ўзининг иродасини эрига зўрлик билан ўтказишга ҳаракат қилмайди. Бу хулоса аёл ўз фикрига эга бўлмаслиги, эрининг барча буйруқларини  сўзсиз бажариши, инжиқликлари ва адолатсиз ишлари, ҳатти-ҳаракатларига кўникиш керак деган маънони билдирмайди.

Аёл ҳам она, ҳам уй бекаси, ҳам табаррук зотдир. Унинг ўзига яраша обрўси, қадар қиймати бор, унинг ҳақ-ҳуқуқи ҳеч қачон  поймол этилмаслиги зарур. Аёллардаги оқиллик, мулойимлик, меҳр ва ғамхўрлик унинг оиладаги мавқеини  мустаҳкамлаш билан бирга, оиладаги соғлом маънавий муҳитни яхшилайди. Ҳадисларда шундай фикрлар бор: “Барчангиз ўз қўл остингиздагиларга ҳомий ва масъулдирсиз, эркаклар ўз оиласига ҳомий ва масъулдир, хотин ўз эри уйида ҳомий ва масъулдир.

Ўзбек аёлларига хос бўлган камтарлик, шарму-ҳаёлилик, андишалилик, турли келишмовчиликларга йўл бермасликка интилиш унинг юксак маънавияти ва ахлоқидир

Аёлларнинг ўз ҳуқуқларидан оқилона фойдаланган ҳолда умр йўлдошига яхши муносабатда, фарзандларига меҳрибон ва ғамхўр бўлса оила янада  мустаҳкам бўлиб бораверади. Оилавий муносабатларда аёллар ва эркакларнинг бир-бирига ён бериши, ҳиссиётларга берилмаслиги, бир-бирларни тушунишлари оилавий турмушга раҳна тушишнинг олдини олади.

Аёлларнинг ўзларига берилаётган ҳуқуқларининг моҳиятини  тўғри тушунмаган ҳолда оилада устунликка эришишга интилиши оиланинг дарз кетишига фарзандлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатишга сабаб бўлади.

Хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлигини таъминлаб беришга хизмат қиладиган қонунда уй меҳнати, фарзанд тарбияси жараёнлари жинс бўйича камситишларга асос бўлмаслиги керак деб такидлаб ўтилади, бундай вазифалар аёллар ва эркаклар томонидан тенг даражада амалга оширилади.Ўзбекона қилиб айтганда “эр-хотин қўш ҳўкиз ” деган ҳикматли мақол мана шу жараённинг энг содда моҳиятидир.

Оилада эркакнинг ўз аёлининг ҳуқуқларини  ҳурмат қилган тақдирдагина уларнинг иккиси ҳам бир бўлиб рўзғор юритсагина ҳаёт кўнгилдагидек бўлади. Ўзбек оиласида уй ишларини бошқаришда, ёш авлодни, айниқса  қиз фарзандларни тарбиялашда аёлнинг ўрнини ҳеч ким боса олмайди.

Аёлнинг асосий мақсади ва вазифаси ўз фарзандларини ақлли, одобли, меҳнатсевар, камтарин, ахлоқли қилиб тарбиялашдир. Болаларнинг қўлини кўксига қўйиб салом беришлари, ёш қизчаларнинг ҳовли ва кўчаларни тозалаб супириб сув сепишлари ҳам она тарбиясининг натижасидир. Аёл киши бераётган тарбиянинг мазмунида оила барқарор, фарзандлар соғлом, баркамол бўлиши учун ниҳоятда зарур бўлган ҳаёт фалсафаси ётади. Онанинг ҳуқуқлари ҳурмат қилинган, улар эъзозлангани оила бахтли оиладир. Аёлларга ёрдам бериш, уларнинг оғирини енгил қилиш халқимизнинг азалий анъаналаридан бўлиб, у эркак учун ор бўлмаслиги керак, аёлларнинг меҳнати доимо қадрланиши зарур.

Бугунги кунда жамият тез ўзгариб ривожланиб янги Ўзбекистон пойдевори мустаҳкамланиб бормоқда. Мамлакатимизнинг халқаро ҳамжамиятда жадал суратлар билан ўз ўрнини яхшилаб бораётганини асосий сабабларидан бири инсон ҳуқуқ ва эркинликларини мустаҳкамлаб борилаётганидир.

2019 йилнинг 2 сентябрида қабул қилинган “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ўзгаришларнинг намунасидир.

Фахриддинова Наргиза Шамсиддиновна Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги бош юрисконсульти

Call-center
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech