Жамият 11 Октябрь 2021,22:35 56
Чоп этиш

“11 октябрь — Халқаро қизлар куни”га бағишланган Республика Форуми

Ҳозирги вақтда буюк аждодларга муносиб авлод, чинакам маърифатли ва билимли қизларни камолга етказиш, уларни миллатнинг келажагини яратувчи катта куч сифатида тарбиялаш мақсадида давлатимиз томонидан қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, хотин-қизларнинг муҳим ижтимоий муаммоларини ҳал этиш, уларнинг таълим олишлари, тиббий хизматдан фойдаланишни янада кенгайтириш, эрта никоҳ қуришнинг олдини олиш борасида ҳам қатор таъсир чоралари кўрилмоқда.

“11 октябрь — Халқаро қизлар куни” муносабати билан бугун пойтахтимизда жойлашган Турин политехника университетида бўлиб ўтган “Ўзбекистон қизлари: ҳаёт тарзи, яшаш шароитлари, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш масалалари” мавзусидаги Республика Форуми давомида мазкур фикрлар бот-бот такрорланди.

Ушбу нуфузли тадбирда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Гулнора Маруфова, Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Кадирханова ҳамда қатор вазирлик ва ташкилот вакиллари иштирок этди.

Форум доирасида юртимиздаги ижодкор қизлар иштирокида  мушоиралар, иқтидорли қизларнинг турли соҳаларда яратган ижод намуналари, ихтиролари, миллий либослар намойишига оид турли  кўргазмалар бўлиб ўтди.

Шу билан бирга тадбирда “Қизларжон клуби” ҳамда “Бибихоним мактаблари”нинг амалий машғулотлари ташкил этилди. Ушбу қизиқарли кечган учрашувларда қизлар учун зарур маълумотлар, ўқиш ва ҳаётда ўз ўрнини топиш, шунингдек, оилавий муносабатларни шакллантиришда керак бўладиган муҳим фикрлар ўртага ташланди.

Тадбир давомида қизларнинг келгусида турмуш йўлларида турли қийинчиликларга тушиб қолишини олдини олиш мақсадида уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, қизларни ҳаётга тайёрлаш бўйича аниқ тавсия ва чоралар билдириб ўтилди.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech