13 Сентябрь 2021,10:00 41
Чоп этиш

“Арми – 2021” Халқаро армия ўйинлари иштирокчилари муносиб тақдирланди

Куни кеча пойтахтимизда жойлашган “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасида “Арми – 2021” Халқаро армия ўйинлари ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Унда Мудофаа вазири, генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Гулнора Маруфова ҳамда турли давлат ва жамоат ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Тадбирда таъкидланганидек, мазкур Халқаро армия ўйинларида Мудофаа вазирлигининг 24 та жамоаси мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди ҳамда 4 та олтин, 9 та кумуш, 4 та бронза медалларни қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида фахрли иккинчи ўринни эгаллашди. Шунингдек, “Содиқ дўст” мусобақасида 5 нафар ҳарбий хизматчи аёллар иштирок этиб, барча давлатлар ўртасида мутлақ ғолибликни қўлга киритишди.

Тантали тақдирлаш маросимида Халқаро армия ўйинларида фахрли ўринларни эгаллаган жамоа аъзолари ва мусобақа рекордларини қайд этган ҳарбий хизматчилар Ўзбекистон Республикаси Президентининг қўл соати ва пул мукофотлари билан тақдирланишди. Шунингдек, мазкур ўйинларда алоҳида жонбозлик кўрсатган ҳарбий хизматчиларга навбатдаги ҳарбий унвонлар муддатидан олдин топширилди.

Тадбир давомида Токио шаҳрида ўтказилган XVI ёзги Параолимпия ўйинларида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган шижоатли, матонатли спортчиларимиз “Намунали хизматлари учун” кўкрак нишони ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Байрамона ўтказилган тадбирнинг бадиий қисмида таниқли санъаткорлар, Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли ижодкорлари, фолклор жамоларнинг миллий рақс ижролари барча иштирокчиларга катта қувонч бағишлади.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech