Жамият 29 Октябрь 2021,14:50 768
Чоп этиш

Арнасой тумани маҳаллалари учун “ҳоким ёрдамчилари" сараланди

Маълумки, Давлатимиз раҳбарининг бевосита тавсияси ва ташаббуси натижасида айни вақтда республикамизнинг қатор маҳаллаларида “ҳоким ёрдамчиси” лавозими жорий этилмоқда.

Ушбу вазифани амалга оширувчи шахслар ҳудуддаги тадбиркорлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш билан бирга аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш, хонадонлардаги томорқа ва бошқа бўш ерлардан унумли фойдаланишини ташкил этади. Бу орқали эса янги иш ўринлари яратиш, камбағалликни қисқартириш бўйича аниқ натижаларга эришиш кўзда тутилган.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматовнинг куни кеча Жиззах вилояти Арнасой туманида вилоятнинг туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими раҳбарлари, шунингдек, уларнинг хотин-қизлар масалалари бўйича биринчи ўринбосарлари билан бўлиб ўтган учрашувида айни мазкур масалалар атрофлича муҳокама этилди.

Вазир Р.Маматов учрашув давомида маҳаллаларда жорий қилинаётган “ҳоким ёрдамчиси" лавозимининг ижтимоий аҳамияти ва у орқали амалга оширилиши лозим муҳим вазифалар хусусида маълумот бериб ўтди.

Шу билан бирга туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиқларининг ҳудудларни ободонлаштириш ва янги иш ўринларини яратиш борасида “ҳоким ёрдамчилари” билан биргаликда бажарадиган асосий ишларига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Т. Худайбергенов раҳбарлигида ташкил этилган Республика Ишчи гуруҳи томонидан тумандаги маҳаллаларга тайинланаётган “ҳоким ёрдамчилари”ни саралаш ишлари якунланди.

Call-center
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech