Брифинг 18 Февраль 2022,14:24 404
Чоп этиш

Вазирлик ташкил этилганига 2 йил тўлган кун яна бир халқаро ҳамкорликка келишиб олинди

Бугун Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигида Бирлашган Араб Амирликларининг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Гулнора Маруфова, БААнинг Ўзбекистондаги элчиси Доктор Саид Матар АлКемзи, БААнинг Ўзбекистондаги элчихонаси учинчи котиби Рашид Али Ал Мазруи, БААнинг Қизил Ярим ой жамияти, делегация раҳбари Наджи Ахмад Мохаммед Хасан АлАграби, БААнинг Қизил Ярим ой жамияти, делегация аьзоси Ахмед Саид Омар Хаджи Аль Хамели ҳамда вазирлик масъуллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Учрашув давомида мамлакатимизда жорий этилган ижтимоий муаммоларни ҳал этишнинг мутлақо янги ва ўзига хос тизими — “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Меҳр дафтари” нинг аҳамияти, уларнинг аҳолининг эҳтиёжманд қатламини, камбағал, боқувчисини йўқотган оилалар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, ўзгалар парваришига муҳтож шахсларни қўллаб-қувватлашда  ўта муҳим аҳамиятга экани таъкидланди.

Шу асосда муаммога оид мавҳум рақамлар ва ёндашувлар  эмас, балки ёрдам ва кўмакка муҳтож ҳар бир оила ва фуқаронинг, хотин-қизлар, ёшларнинг муаммолари ўз жойида аниқ ўрганилаётгани, улар вақтида ва самарали ҳал этилаётгани ҳақида батафсил маълумот берилди.

Етим ҳамда ота-она қаровисиз қолган болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган “Меҳр дафтари”, Меҳрибонлик уйларида тарбияланаётган болалар, боқувчисини йўқотган оилалар билан манзилли ишлаш бўйича БАА билан кейинги ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш ҳақидаги режалар келишиб олинди.

Элчи жаноблари ва бошқа меҳмонлар томонидан мамлакатимизда етим ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларни тарбиялашнинг янгиланган тизими — оилавий болалар уйлари ташкил этилгани, оилаларга 5-10 нафардан  фарзандлар қабул қилингани, оилавий болалар уйлари эндиликда меҳрибонлик уйларининг ўрнини босиб, болани оилавий ҳаётга тайёрлайдиган масканга айланаётгани, боланинг янги оиласини, ундаги муҳитни, боланинг руҳий ҳолатини ҳар томонлама  мониторинг олиб борадиган комплекс тизим яратилаётгани ҳақидаги маълумотлар қизиқиш билан қабул қилинди.

Учрашувда мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларида эҳтиёжманд оилаларга тегишли ёрдамлар кўрсатиш, оғир шароитдаги маҳаллаларда ичимлик суви билан боғлиқ масалаларда амалий ёрдам кўрсатиш, “Темир дафтар” ва  “Аёллар дафтари”га киритилган оилалар ва фуқаролар учун турли иш ўринлари яратиш каби йўналишларда ўзаро ҳамкорлик лойиҳасини амалга ошириш ҳақида келишиб олинди.

   Тадбир сўнггида  Бирлашган Араб Амирликларининг Қизил Ярим Ой Жамияти ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Қиш мавсуми учун буюмларни тарқатиш кампанияси — 2022 йил Ўзбекистон” лойиҳаси доирасида Сирдарё, Жиззах, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида яшовчи камбағал, эҳтиёжманд оилалар учун жами миқдори 1 минг 800 дона иссиқ кўрпа ва 400 дона иситиш печлари бўлган ижтимоий ёрдамлар қабул қилиб олинди. Ижтимоий ёрдамлар карвони меҳмонлар ҳамроҳлигида вилоятларга жўнаб кетди.

Беғараз муруввати учун ташриф буюрган делегация аъзоларига Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги номидан ўз миннатдорлик изҳор қилинди. “Албатта, Бирлашган Араб Амирликларининг мамлакатимиз ижтимоий ҳаётидаги ўрни жуда юқори эканлигини ўтган вақт давомида ҳамкорликда амалга оширган ишларимизда ҳам кўриш мумкин.

Шу маънода Бирлашган Араб Амирликлари Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ишончли, энг яқин ҳамкорларидан бирига айланиб улгурди, десам муболаға бўлмайди” — деди Гулнора Маруфова.

Call-center
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech