Сиёсат 25 Декабрь 2021,22:01 252
Чоп этиш

Бухоро вилоятида халқаро лойиҳа доирасида пресс-тур ташкил этилди

 

Куни кеча Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан вазирлик ҳамда Корея ҳамкорлик агентлиги (KOICA) ҳамкорлигида амалга оширилаётган “СOVID-19 пандемиясидан зарар кўрган аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси доирасида Бухоро вилоятининг Қоракўл, Шофиркон ҳамда Когон туманларида пресс-тур ташкил этилди.

Таъкидланганидек, лойиҳа доирасида KOICA, шунингдек, ҳамкор ташкилотлар — “Замин” халқаро жамоат фонди, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди, Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази билан биргаликда кўплаб амалий ишлар олиб борилди.

Дастлабки қадам сифатида 2021 йил 17 сентябрь куни вазирлик ҳамда Корея халқаро ҳамкорлик агентлигининг Ўзбекистондаги офиси вакиллари томонидан умумий бюджети 400 минг АҚШ долларига эга, “СOVID-19 пандемиясидан зарар кўрган аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш” лойиҳасини ҳамкорликда амалга ошириш бўйича меморандум имзоланди.

Мазкур келишув меморандуми асосида айни кунга қадар Бухоро вилоятининг Қоракўл туманидаги “Хўжалар”, Шофиркон туманидаги “Қалмоқон” ҳамда Когон туманидаги “Хўжа Якшаба” маҳаллаларида “Маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканлари” ташкил этилди.

Пресс-тур давомида мазкур ўқув марказларининг очилиш маросимлари ўтказилди. Унда Маҳалла ва оилни қўллаб-қувватлаш вазирлиги масъул ходимлари, Корея Халқаро ҳамкорлик агентлиги директори Пак Сунжин ҳамда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов, маҳалла фаоллари иштирок этди ҳамда марказларнинг бугунги кундаги аҳамияти, у ерда ўз билими ва малакасини оширган юртдошларимиз ҳаётидаги ўрни ҳақида фикр билдиришди.

Бухоро вилояти ҳокими Б. Зарипов ўз сўзи давомида Муҳтарам Юртбошимиз томонидан бугунги кунда мамлакатимизда аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёшлар ва аёллар бандлигини таъминлаш, уларни меҳнат бозоридаги талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга ўргатиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилаётганлиги, KOICA билан ҳамкорлик доирасида ташкил этилган ушбу марказлар эса ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилишини таъкидлаб ўтди.

Корея Халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) директори Пак Сунжин ҳам кейинги йилларда икки мамлакат ўртасида турли соҳалардаги ҳамкорлик алоқалари тобора мустаҳкамланиб бораётгани, айниқса, ишсиз фуқароларни касбга ўқитиш, қайта ўқитиш ва улар бандлигини таъминлаш борасида ҳамкорликда амалга оширилаётган турли лойиҳалар юксак самаралар бераётгани, шу жумладан, Қоракўл, Шофиркон ҳамда Когон туманларида ташкил этилган “Маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканлари” аҳолининг кўмакка муҳтож қатламларини ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилганлигини айтиб ўтди.

Қайд этилганидек, ҳудуд аҳолиси ушбу касб-ҳунар ўқитиш масканларида компьютер саводхонлиги, бухгалтерия, аёллар сартарошлиги, тикувчилик, пазандачилик ҳамда уй ҳамширалиги йўналишлари бўйича ўқитилади.

Лойиҳа доирасида Сирдарё ва Бухоро вилоятида ташкил этилган ўқув марказлари ўқитувчилари Тошкент шаҳридаги “Development School” нодавлат таълим муассасасида ўз билим ва тажрибаларини оширишди. Жорий йилнинг октябрь ойида ўтказилган “Кексалар ҳафталиги” доирасида Бухоро ва Қашқадарё вилоятларининг қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилувчи ижтимоий ҳимояга муҳтож кексаларга 100 та иситиш печлари тақдим этилди.

 “Замин” халқаро жамоат фонди билан биргаликда Бухоро вилоятидаги “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”га киритилган оилаларнинг юрак касалликлари билан оғриган 35 нафар фарзандларига операция ва реабилитация хизматларини кўрсатиш режалаштирилган бўлиб, ҳозирги кунга қадар 19 нафар бола Академик В.Вахидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказига ётқизилди, 7 нафари операция қилинди.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди билан ҳамкорликда Бухоро вилоятининг Қоракўл, Олот, Пешку, Қоравулбозор туманлари ва Қашқадарё вилоятининг Миришкор, Нишон, Касби туманларининг чекка ҳудудларида истиқомат қилаётган 3 500 нафардан ортиқ аҳоли учун тиббий кўрик, эхокардиограмма ва ультратовуш текширувлари ташкил этилди.

Шунингдек, 33 турдаги дори-дармон ва витаминларни ўз ичига олган
3 240 дона жамланма қутилар тарқатилди, аҳоли учун соғлом турмуш тарзига риоя қилиш бўйича тренинглар ташкил этилди.

Журналист ва блогерлар прес-тур давомида ўқув марказларида ҳудуд аҳолисига яратиб берилган шарт-шароитлар билан атрофлича танишди, дарс жараёнларининг ўтказилиши ҳамда бошқа бир қанча мавзулар бўйича берилган саволларга атрофлича жавоб бериб ўтилди.

Call-center
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech