Брифинг 7 Июнь 2021,15:48 10742
Чоп этиш

Эҳтиёжманд хотин-қизларга ОТМга кириш учун имтиёз бериш тартиби қандай? Зўравонликдан азият чекаётган аёллар ва болаларга қандай ёрдам кўрсатилмоқда?

Савол: Мазкур йилда эҳтиёжманд оилаларда яшаётган хотин-қизларга олий ўқув юртларига кириш учун имтиёзлар берилиш тартиби қандай?

Бизнинг оилада мен ва онам яшаймиз. Онам 2 гуруҳ ногирони, ўзим тикувчилик цехида ишлайман. Мен ҳам шу имтиёздан фойдалансам бўладими?

Жавоб: Албатта, фойдалансангиз бўлади.

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 402-сонли қарорига асосан, айрим тоифага кирувчи хотин-қизлар ва кам таъминланган оиладаги қизлар учун олий таълим даргоҳларига кириш учун тавсиянома бериш тизими ишлаб чиқилган ва бу орқали ўтган йилнинг ўзида 1000 га яқин юртимиз хотин-қизлари қатор олий ўқув юртларига қабул қилинган эди.

Аммо ушбу қарорга айрим ўзгартириш ва қўшимчаларга киритиш, танлаб олинадиган хотин-қизларни аниқлашда шаффофлик ва очиқликни таъминлаш ва бу орқали чинакам эҳтиёжманд оила фарзандларига ғамхўрлик кўрсатишни даврнинг ўзи тақозо этаётган эди.

Шу мақсадда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда бошқа тегишли вазирлик ва ташкилотлар билан ҳамкорликда ушбу қарорга кўплаб ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш бўйича янги қарор лойиҳаси тайёрланди. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2021 йил 3 июнь куни тасдиқланган “Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида хотин-қизларга танловда иштирок этиш учун тавсиянома бериш ва уларни ўқишга қабул қилишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 402-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги 338-сонли қарори асосида ушбу жараёнлар тўлиқ такомиллаштирилди.

Энг асосийси, талабгорларни танлаш жараёнларида инсон омилини камайтириш мақсадида, қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида хотин-қизларга танловда иштирок этиш учун тавсиянома бериш масаласини кўриб чиқиш жараёни Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими, “Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформаси билан боғланади.

Шунингдек, оиланинг эҳтиёжмандлик даражасини аниқлаш “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”га киритилган оилаларнинг қиз фарзандлари ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган хотин-қизлар тўғрисидаги маълумотлар орқали аниқланади.

Яна бир муҳим жиҳат шуки, ўтган йилдан фарқли равишда белгиланган мезонларга мос келган эҳтиёжманд оилалардаги барча талабгор хотин-қизларга ушбу тавсияномалар берилади.

Хўш, хотин-қизлар ушбу тавсияномани олиш учун нима қилишлари зарур?

 

Юқорида келтириб ўтилган қарорга асосан, тавсиянома олиш мақсадида мурожаат этган эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларнинг ҳужжатларини қабул қилиш ҳар йили 30 майдан 8 июнга қадар олиб борилади. Шундан келиб чиқиб айтиш лозимки, ҳужжатларни топшириш эртага — 8 июнь куни якунланади.

Шу сабабли айни вақтда қарор мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш, жараёнларни аниқ ва содда тушунтириш мақсадида вазирлик масъул ходимлари ҳамда юртимиздаги барча маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан аҳоли ўртасида тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Айтиш лозимки, ўқиш истагида бўлган эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларнинг мурожаатлари aziz-ayol.uz сайти орқали электрон шаклда қабул қилинади. Мурожаатлар талабгор хотин-қизларнинг доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича яшаш жойидаги туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимларига юборилади.

Фуқароларимиздан сўраб қолардикки, агар ушбу сайт орқали тегишли маълумотларни юборишда тушунмовчилик ва бошқа муаммоларга дуч келсангиз, ўзингиз яшаб турган маҳалла фуқаролар йиғини ёки туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимига мурожаат қилинг. Бу ердаги масъул ходимлар сизга керакли ёрдам ва маслаҳатларни беришади.

Энди эҳтиёжманд оилаларда яшовчи хотин-қизларни аниқлашнинг асосий мезонларига тўхталиб ўтамиз.

Қарорга асосан, биринчи тоифа — кам таъминланган оилалардаги хотин-қизлар. Бунда кам таъминланган оила деганда, оиланинг ҳар бир аъзосига жами даромад аниқланадиган даврда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 0,527 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда тўғри келадиган бир ойлик ўртача жами даромадга эга бўлган оила тушунилади. (Бу миқдор ҳозирги вақтда 393 минг 828 сўмни ташкил этади);

Кейингиси, тўлиқсиз оилада тарбияланаётган, яъни отаси ёки онаси ёхуд уларнинг иккаласи ҳам вафот этган ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар;

Учинчиси, турмуш ўртоғи вафот этган, вояга етмаган фарзандини ёлғиз тарбиялаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар;

Тўртинчиси, ногиронлиги бўлган фарзанди бор эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар;

Бешинчиси, икки ва ундан ортиқ фарзандларини тарбиялаётган, бошқа қариндошларидан алоҳида (ижарада) яшаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож ёлғиз аёлларнинг қиз фарзандлари;

Ва охиргиси, ота-оналаридан бири ёки ҳар иккиси ҳам биринчи ёки иккинчи гуруҳ ногирони бўлган эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, мазкур мезонларга тўғри келган барча хотин-қизларга тавсияномалар берилади.

Ишчи гуруҳ томонидан талабгор хотин-қизларнинг ушбу мезонларга тўғри келиши ёки келмаслиги ўрнатилган тартибда ўрганиб чиқилади.

Ўрганиш натидаларига кўра, мурожаат қилган хотин-қизларнинг мобил телефон рақамига ёки электрон манзилига тавсиянома беришга тавсия этилганлиги, шунинг билан бирга рад этилганлиги тўғрисида хабар юборилади.

Тавсияномалар берилган эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларнинг рўйхати Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

Тавсиянома ишчи гуруҳ йиғилишининг якуний баённомаларига кўра расмийлаштирилган туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимларининг буйруғи асосида электрон ҳужжат шаклида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан берилади.

Ушбу тавсиянома бир йил муддатга берилади.

Тавсияномалар туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари томонидан ҳар йили 15 июнга қадар талабгорларга етказилади.

Савол: Вазирлик расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқ саҳифаларида оилавий ҳамда бошқа турдаги зўравонлик ва тазйиқлардан азият чекаётган хотин-қизлар ва болалар мавзусида, уларга кўрсатилаётган турли ёрдамлар хусусида доимий саволлар келиб тушмоқда.

Ушбу савол ва мурожаатларга мазкур  йўналишдаги сўнгги қонунчилик ўзгаришлари ҳамда жорий йилдаги асосий кўрсаткичлар мисолида жавоб бериб ўтаман.

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг  2021 йил
19 майдаги “Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги
ПҚ–5116-сон қарори асосида Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш республика маркази негизида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузурида Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази ва унинг ҳудудий ва туманлараро 29 та намунали марказлари ташкил этилди.

Марказларнинг асосий вазифаси, тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган, ўз жонига суиқасд қилган ёки ўз жонига қасд қилишга мойиллиги бўлган хотин-қизларга аноним тарзда шошилинч тиббий, психологик, ижтимоий, педагогик, ҳуқуқий ва бошқа ёрдам кўрсатишдан иборатдир.

Марказларга қуйидагилар жойлаштирилади:

- зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари;

- ўз жонига суиқасд қилган ёки ўз жонига қасд қилишга мойиллиги бўлган хотин-қизлар.

Тегишли ташкилотлар ва маҳаллий ҳокимликларга “Аёллар дафтари”га киритилган психологик ва ҳуқуқий маслаҳатга муҳтож хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оилавий муаммолар ва турмушида зўрлик ишлатилишига дуч келган хотин-қизларни касб-ҳунарга йўналтиришда кўмаклашади.

Қарорга мувофиқ, 2021 йил 1 июндан бошлаб “Ҳимоя ордери” нусхасини олган, яъни тазйиқ ўтказган ёки зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахслар ҳам профилактик ҳисобга олинади.

Шунингдек, марказларга мурожаат қилган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандларининг йўқотилган биометрик паспортлари, яъни идентификация ID-карталарини тиклаб бериш чоралари кўрилади.

Тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларга руҳий, психотерапевтик, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, маслаҳат бериш ва ахборот тақдим этиш учун 24 соат давомида узлуксиз фаолият кўрсатадиган “Ишонч телефони” йўлга қўйилади.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, бугунги кунга қадар ҳам шу турдаги мавжуд марказлар орқали хотин-қизларга турли ёрдамлар кўрсатиб келинмоқда.

Мисол сифатида жорий йилнинг ўтган вақти давомида Марказларга 4205 нафар фуқаро: 1347 та руҳий, 845 та жисмоний, 23 та жинсий, 394 та  иқтисодий, 1596 та бошқа зўравонлик ҳолатлари бўйича мурожаат қилишган.

Уларнинг 1 991 нафарига психологик, 1524 нафарига ҳуқуқий, 115 нафарига тиббий ёрдам берилди. 100 нафарига ҳужжатларини қайта тиклашда, 24 нафарига суд ва бошқа идораларда вакиллик қилиш, 89 тасига ҳимоя ордерини олиш, 362 тасига бошқа масалаларда ёрдам кўрсатилди.

Бугунги кунга қадар зўравонликдан жабр кўрган 11 300 нафар хотин-қизларга ҳимоя ордери берилди. Маҳалла фуқаролар йиғинлари вакиллари билан ҳамкорликда олиб борилган профилактик ишлар натижасида бу каби 9400 та оила вакиллари ўзаро яраштирилди,
6658 та оиладаги низо ҳолатлар бартараф этилди. Қолганлар доимий назоратга олиниб, улар билан профилактик ишлар олиб борилмоқда.

Тазйиқ ўтказган ёки зўравонлик содир этган, шунингдек, уларни содир этишга мойил бўлган 146 та шахс “Ҳимоя ордери” талабларини бажармаганликлари учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддалари билан маъмурий жавобгарликка тортилди.

Айтиш лозимки, жойларда маҳалла ходимлари, профилактика инспекторлари, хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлар билан  ҳамкорликда низоли оиларни ўрганиш, маҳалла фаоллари, дин уламолари, психологлар ёрдамида уларнинг муаммосини ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.

Айни вақтда Вазирлик томонидан хотин-қизларни оилавий зўравонликдан ҳимоя қилиш, аёлларга нисбатан ноахлоқий ҳаракатлар қилишнинг олдини олиш ҳамда қонунчилик нормаларини янада такомиллаштириш мақсадида   Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ЎРҚ 561- сон  Қонунига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

Call-center
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech