Сиёсат 23 Февраль 2022,11:16 443
Чоп этиш

Гулнора Маруфова Ўзбекистоннинг Учинчи даврий миллий маърузасини кўриб чиқиш жараёнларида иштирок этмоқда

Жорий йилнинг 22-24 февраль кунлари ўтказилаётган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича қўмитасининг 71-сессиясида Ўзбекистон Республикасининг Учинчи даврий миллий маърузаси кўриб чиқилмоқда.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси, хусусан, Олий Мажлис Сенати, Қонунчилик палатаси аъзолари ва депутатлари, Олий суд раиси ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Гулнора Маруфова ҳамда қатор вазирлик ва ташкилотлар вакиллари иштирок этмоқда.

Айтиб ўтилганидек, 2019 йил 19 июнда Қўмитага тақдим қилинган Ўзбекистон Республикаси Учинчи даврий маърузасини тайёрлашда 30 га яқин давлат органлари ва 10 та нодавлат нотижорат ташкилотлари иштирок этган.

Маърузада Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт қоидаларининг Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига жорий қилиниши, мазкур йўналишда амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар ҳақида батафсил маълумот берилган.

Жумладан, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий институтларни ривожлантириш, коррупцияга қарши курашиш, камситишларни бартараф этиш ва тенглик, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини таъминлаш, гендер тенглик, бандлик, камғалликни қисқартириш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, меҳнат мигрантларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш, маданий ҳуқуқларни таъминлаш каби масалалар ёритилган.

Маълумот учун айтиб ўтиш лозимки, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт 1966 йил 16 декабрда қабул қилинган, 1976 йил 3 январда кучга кирган. Ўзбекистон Республикаси мазкур Халқаро пактга 1995 йил 31 август куни қўшилган.

Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича қўмита БМТнинг шартномавий органи бўлиб, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга риоя қилиниши устидан назоратни амалга оширади. Қўмита таркиби БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши томонидан ҳар тўрт йилда сайланадиган 18 та аъзодан иборат.

Қўмита Халқаро пактга аъзо давлатларнинг ҳисоботларини кўриб чиқади ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасини ривожлантириш бўйича ўзининг таклиф ва мулоҳазаларини тақдим қилади.

Call-center
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech