15 Ноябрь 2021,11:00 542
Чоп этиш

Илмий салоҳият бадиий маҳорат билан уйғунлашса...

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида «Янги Ўзбекистон илм юлдузлари» интеллектуал кўрик танлови бўлиб ўтди.

Бу Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси ва «Олима» уюшмаси томонидан 2011 йилдан буён ҳар икки йилда бир маротаба хотин-қизлар ўртасида ўтказиб келинаётган шу номдаги танловнинг шаҳар босқичи бўлиб, учта кейинги босқичга ўтувчи cовриндорлар аниқланди. Бундан ташқари, «Энг инновацион ғоя соҳибаси», «Энг моҳир илм соҳибаси», «Энг зукко ва топқир иштирокчи», «Энг моҳир миллий қадриятлар тарғиботчиси», «Томошабин эътиборига сазовор иштирокчи» номинациялари бўйича ҳам ғолиблар тақдирланди.

Эътиборли томони шундаки, мазкур танлов фидойи, жонкуяр ва илмга чанқоқ хотин-қизларнинг илмий изланишларини фаол қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида фан номзоди унвонига эга, катта илмий ходим-изланувчи, мустақил тадқиқотчи сифатида олийгоҳларда жиддий изланишлар олиб бораётган зукко ва иқтидорли қизлар ўртасида ўзига хос баҳс сифатида ташкил этиб келинади. Зеро, зеҳни ва шуури бой аёлларгина ҳамиша ва ҳар қандай буюк миллатга маънавий бешик бўлиб келган.

Номзодлар ўзларининг илмий фаолият ва изланишлари ҳақидаги 5 дақиқалик видеолавҳа, «Ёшлар келажак пойдевори» мавзусидаги берилган саволларга жавоблар, шунингдек, Ўзбекистоннинг тарихи ва бугунги кунига оид маълумотларни хорижий (инглиз, немис ёки француз) тилларда бурро ва тезкор сўзлаб бериш каби мураккаб шартларга жавоб қайтарди. Бир сўз билан айтганда, иштирокчилар илмий салоҳиятни бадиий маҳорат билан уйғунлантиришга интилиб, имкониятларини оммага кўрсатдилар.

— Табиийки, танловда бевосита истеъдодли ёш олима қизларимиз иштирок этгани сабабли шартларга киритилган саволлар орасида кўпроқ гендер тенглиги, жорий йил Давлат дастури бандлари, олий таълим соҳасидаги ислоҳотлар, хотин-қизлар учун яратилаётган шароитлар ва уларнинг ҳуқуқ манфаатларини ифода этувчи қонунчилик ҳужжатлари ҳақида борди, — дейди Тошкент шаҳар «Олима» уюшмаси раиси, сиёсий фанлар доктори, профессор, Эътибор Султонова. — Юртимизда танловлар кўп, бироқ бу юқори интеллектуал даражаси, ёндашувлардаги ўзига хослиги билан ажралиб турадиган кўрикдир.

— Биз мамлакатимизда олимларга, илмга, умуман аёлларга яратиб берилаётган рағбатни ўзимиз мисолимизда ҳам юракдан ҳис қилиб турибмиз, — дейди Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, «Халқаро муносабатлар ва ташқи сиёсат тарихи» ихтисослиги 1-босқич таянч докторанти, танлов ғолиби Юлдузхон Имомова. — Биз келгуси тақдиримизни фан билан боғлар эканмиз, бу ғоятда масъулият ва кўплаб изланишлар талаб этадиган машаққатли йўл эканини яхши тушунамиз. Шунинг баробарида, дунёга Ўзбекистонни билимли ва юксак маданиятли аёллар тимсолида кўрсатишни ҳам жон дилимиз билан истаймиз. Танлов шубҳасиз, бизни ижтимоий фаоллигимизни оширишга кучли мотивация бағишлади.

Мафтуна Аъзамжонова.

Call-center
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech