16 Июнь 2022,12:57 171
Чоп этиш

Кекса авлод вакилларини қўллаб-қувватлаш  борасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросига бағишланган брифинг

 Кейинги йилларда кекса авлод вакилларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг  ижтимоий фаоллигини ошириш - давлат сиёсатининг муҳим йўналишига айланди.

Давлатимиз Раҳбарининг “Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 81-сон Фармони билан Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги нуронийларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатли давлат органи сифатида белгиланди. 

“Нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш даражасини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2022 йил 15 мартдаги 167 – сон Президент қарори бу борада янада муҳим ўзгаришларни бошлаб берди.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳамда туманлар ва шаҳарларда таркибига 15 нафардан жами 3320 нафар тажрибали, обрў-эътиборли кексалар жамланган Нуронийлар жамоатчилик кенгашлари тузилди.

Масъул вазирлик ва идоралар, айниқса, “Нуроний” жамғармаси билан яқин ҳамкорликда кексаларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш, ҳар томонлама  қўллаб-қувватлаш, уларга эътиборни кучайтириш бўйича маҳалла даражасида тизим яратилди.

Ижтимоий ёрдамга муҳтож кам таъминланган оилалар, ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронларни қўллаб-қувватлаш мақсадида масъул вазирлик ва идоралар ҳамкорлиги йўлга қўйилди.

498 нафар 100 ёшга кирган нуронийлар, 241 нафар уруш қатнашчилари,
10 минг 42 нафар меҳнат фронти иштирокчилари, 16 минг 6 нафар якка ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олинди.

604 нафар ўзгалар парваришига муҳтож кексаларнинг санаторийларда соғлиқларини тикланди. 16 минг 424 нафар нуронийлар бепул чуқур тиббий кўрикдан ўтказилди.

1210 нафар фуқарога ногиронлар аравачаси, 741 нафарига эшитиш мосламаси, 718 нафарига ҳасса (қўлтиқ таёқ), 240 нафарига кўзойнак, 2 658 нафарига бошқа реабилитация воситалари берилди.

Соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида 2 млн. 900 мингга яқин кексалар иштирокида “Саломатлик учун беш минг қадам” шиори остида пиёда юришлари ташкил этилди.

Давлатимиз Раҳбарининг “Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан маҳаллаларда ташкил этилган “Кексалар маслаҳати” гуруҳлари ва “Бувижонлар мактаби” жамоатчилик кенгашларига 300 минг  нафарга яқин ижтимоий фаол нуронийлар жалб этилди.

Улар томонидан жорий йилда 144 011 та жамоатчилик ва тарғибот, жумладан, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар, оилавий ажримларнинг олдини олишга қаратилган тадбирлар ташкил этилди.

Тегишли вазирликлар билан биргаликда ҳар бир олий ва ўрта махсус таълим муассасаларига 5 нафардан, мактабларга 3 нафардан нуронийлар, жумладан фахрий ўқитувчилар  бириктирилиб, улар томонидан ўқувчиларнинг дарсларда иштирокини ўрганиш, амалий кўмаклашиш, ота-оналар билан мулоқот қилиш тажрибаси жорий қилинди.

         Умумтаълим мактабларида “Нуронийлар тарбиявий соати”ни ташкил этилди.  Нуронийлар жамоатчилик кенгашлари  ва “Кексалар маслаҳати” гуруҳлари томонидан умумтаълим мактабларида ўқувчиларнинг давоматлари бўйича жамоатчилик назорати ўрнатиш; сабабсиз дарс қолдирилган ўқувчиларнинг ота-оналари билан  тушунтириш-тарғибот ишларини олиб бориш амалиёти йўлга қўйилди. 

Давлатимиз Раҳбарининг “Ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 92-сон ҳамда “Нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш даражасини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 167 – сон қарорлари талабларига мувофиқ, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Республика маънавият ва маърифат маркази билан  2 та қўшма дастур ижрога қаратилди.

"Бир нуроний ун ёшга масъул" тамойили асосида 26 минг нафардан ортиқ нуронийлар 258 750 нафар ишсиз, тарбияси оғир ва муаммоли ёшларга бириктирилди.

Тегишли режа-график асосида “Бир нуроний ўн ёшга масъул”  шиори билан 80 мингдан ортиқ учрашувлар ташкил этилди.

Ёшлар билан ташкил этилган учрашувлар, якка суҳбатлар орқали 35 нафар ёшларга ўқишларини тиклашда, 1011 нафарининг ишга жойлашишларига ёрдам берилди. 14 мингдан ортиқ тарбияси оғир ёшларнинг ота-оналари билан мулоқотлар олиб борилди. Бевосита улар иштироки билан 12 минг 300 та оилада мавжуд келишмовчиликлар барҳам топди. 

Ёшлар тарбиясида нуронийларнинг бой ҳаётий тажрибасидан унумли  фойдаланиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлашда муносиб иштирок этаётган кексаларни рағбатлантириб бориш мақсадида жойларда “Бир нуроний ўн ёшга масъул” танлови ўтказилиши белгиланди.

Танлов Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Республика “Нуроний” жамғармаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида ҳар йили бир марта икки босқичда ўтказилади.

Танлов низомига кўра туман ва вилоят даражасида энг юқори кўрсаткичга эришган нуронийлар “Нуроний” жамғармаси маблағлари ҳисобидан 10 миллион сўмгача рағбатлантирилади. Айни кунларда ҳудудларда танловнинг сектор босқичлари якунланиб, туман (шаҳар) босқичлари ўтказилмоқда.             

Давлатимиз раҳбарининг “Нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш даражасини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 167-сон Президент қарорида

ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшайдиган кексаларни ҳар йили бир маротаба санаторийларда бепул соғломлаштириш харажатлари;

шароити оғир ва кам таъминланган кексаларга шифокорларнинг рецептларига асосан 3 ойлик эҳтиёждан келиб чиқиб дори воситалари, тиббий ва махсус протез-ортопедия мосламалари олиб бериш ҳамда жарроҳлик амалиётларининг харажатлари;

оғир ташхисли касалликлари ҳамда ногиронлиги бўлган кексаларга шифокорларнинг рецептларига мувофиқ, 3 ойлик эҳтиёждан келиб чиқиб дори воситаларининг 50 фоизигача бўлган суммасини компенсация қилиш;

кексаларнинг жисмоний тарбия ва спорт йўналишидаги муассасаларда (стадион, спорт заллари, бассейн ва бошқа спорт мажмуалари) жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари учун абонемент харажатлари;

давлат театрлари ва музейларига кексалар учун чипта харажатлари “Нуроний” жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилиши белгиланган.

Апрель ойида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, Молия ва Соғлиқни сақлаш вазирликларининг қўшма қарори қабул қилиниб, эҳтиёжманд кексаларни қўллаб-қувватлаш ва нуронийларнинг турмуш даражасини оширишга доир чора-тадбирларни “Нуроний” жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштириш, маблағ ажратиш, харажатларини қоплаш ва компенсация қилиш бўйича вақтинчалик тартиб тасдиқланди.

Маҳалла ва нуронийларни қўллаб қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бошқармалари томонидан санаторийларда бепул соғломлаштирилиши режалаштирилган ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшайдиган кексаларнинг; шароити оғир ва кам таъминланган кексаларнинг; шунингдек, оғир ташхисли касалликлари ҳамда ногиронлиги бўлган 4 мингдан ортиқ кексаларнинг рўйхати шакллантирилди.

Нуронийларнинг жисмоний тарбия ва спорт турларига, шунингдек, театр ва музейларга бўлган қизиқиш ва талаблари ўрганилиб, масъул ташкилотларга маълумот тақдим этиб борилмоқда.

Маҳаллаларда аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизматлар, мактабларда ўқувчиларнинг дарсларни ўзлаштириши, давомати, бандликка кўмаклашиш марказлари томонидан фуқароларни иш билан таъминлаш даражаси ва бошқа давлат хизматларининг кўрсатилиши бўйича “Кексалар маслаҳати” гуруҳлари томонидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш бўйича йўриқнома  тайёрланди.

     Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирининг раҳбарлиги ва бевосита иштирокида вилоятларда “Эътибор, эъзоз ва эҳтиром” тадбирлари ўтказилиб, давлат ва жамият ҳаётида фаол иштирок этиб келаётган нуронийлар билан бир қаторда, ҳудудларни  ривожлантиришда муносиб хизмат кўрсатган марҳумлар хотирасига ҳурмат бажо келтирилмоқда. Бугунги кунгача марказий ва ҳудудий телеканаллар билан ҳамкорликда 245 нафар ана шундай инсонларнинг ибратли ҳаёт йўли ҳақида қисқа метражли фильмлар тайёрланиб, тадбирлар давомида намойиш этилди.

  Барча маҳаллаларда давлат ва жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшган, обрў-эътиборли кексалар иштирокида “Кекса авлод учрашувлари” тадбирлари ўтказилмоқда. 

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, кексалар ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ушбу амалий ишлар Давлатимиз раҳбарининг “инсон қадрини улуғлаш – юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш демакдир” деган даъватларининг амалий исботидир.

Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги

Ахборот хизмати

                                                                        

 

 

Call-center
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech