12 Сентябрь 2022,11:08 120
Чоп этиш

Кексалар саёҳати учун қатор қулайликлар яратилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 15 мартдаги “Нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш даражасини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-167-сонли қарорида кекса авлод вакилларининг ижтимоий фаоллигини янада ошириш, айниқса уларнинг саёҳатларини ташкил этишга катта эътибор қаратилган.

Жумладан қарорнинг 5.4-бандида Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги Туризм ва маданий мерос вазирлиги билан биргаликда 2022 йил учун графикда белгиланган сафарларни уюштириш жойи, вақти ҳақида оммавий ахборот воситалари ва ахборот тарқатишнинг бошқа манбалари, шу жумладан “Нуроний” электрон платформаси орқали ҳудудлар аҳолисини камида уч ой олдиндан хабардор қилиш тизимини йўлга қўйиш белгиланган.

Шу мақсадда, Туризм ва маданий мерос вазирлиги томонидан республикадаги мавжуд туризм объектлари (тарихий ва диққатга сазовор жойлар) тўғрисидаги маълумотлар ҳамда дислокацияси ишлаб чиқилиб, ушбу маълумотлар кексалар учун саёҳатларни ташкил этишда фойдаланиш мақсадида Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда “Нуроний” жамғармасининг ҳудудий бўлимларига ва маҳаллаларга юборилди.

Юқоридаги қарорга асосан кексаларнинг мамлакат бўйлаб саёҳатларини ташкил этишга кўмаклашиш мақсадида “Нуроний” жамғармаси билан Хитой Халқ Республикасининг “YUTONG HONGONG LIMITED” компанияси ўртасида шартнома тузилиб, 2 дона замонавий автобуслари етказиб бериш учун тегишли маблағлар ўтказилди.

Маълумки, YUTONG автобуслари ўта замонавийлиги, йўловчилар учун яратилган қулайликлари ҳамда арзон нархи билан ажралиб туради ва жаҳонда энг кўп сотиладиган автобуслардан бири ҳисобланади.

Айниқса, ушбу автобусларнинг арзон ёқилғи ҳисобланган метан гази билан ҳаракатланиши кўпроқ нуронийларимизни саёҳатларга олиб боришга имконият яратади. Автобусларнинг сентябрь-октябрь ойларида мамлакатимизга кириб келиши кутилмоқда.

Ушбу қарорнинг 7-бандида 2022 йил 1 ноябрга қадар Жамғарманинг “Нуроний” электрон платформаси ва ягона электрон базаси фаолиятини йўлга қўйиш белгиланган бўлиб, айни кунларда “Ўзинфоком” маркази билан ҳамкорликда платформани яратиш ишлари ниҳоясига етказилмоқда. 

Платформа ишга тушган кунда бошлаб, бошқа маълумотлар билан бир қаторда кексаларнинг саёҳати белгиланган жойи ва вақти, диққатга сазовор жойлар рўйхатлари, автобуслар қатнов графиклари тўғрисидаги маълумотлар платформага жойлаштириб борилади.

Айниқса, Ҳукумат қарорлари билан ҳар йили октябрь ойининг бошида “Кексалар ҳафталиги” ва ноябрь ойида “Кексалар учун туризм ойлиги”нинг жорий этилиши ва ушбу тадбирлар доирасида нуронийларимизнинг саёҳатларини ташкил этилишида алоҳида имтиёзлар ва чегирмалар тақдим этилиши барча кексаларни хурсанд қилмоқда.

Айни кунларда ушбу тадбирларни ташкил этишга тайёргарлик ишлари амалга оширилмоқда.

Барча нуронийларимизни саёҳатга таклиф этамиз!

 

Бахтиёр НОРОВ,

Нуроний ва фахрийларни қўллаб-қувватлаш,

уларнинг ижтимоий фаоллигини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи

 

 

 

Call-center
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech