14 Сентябрь 2021,19:00 33
Чоп этиш

Маҳалла раисларининг ҳуқуқий билимлари оширилмоқда

Жорий йилнинг 24 октябрь куни республикамизда муҳим сиёсий жараён — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказилиши муносабати билан айни вақтда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ушбу муҳим жараённи ҳар томонлама мукаммал ўтказиш, сайловчиларга барча қулайликларни яратиш мақсадида қизғин тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Жумладан, маҳалла тизими ходимларининг сайлов жараёнларига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш боғлиқ кўникмаларини бойитиш, сиёсий ва сайловга доир ҳуқуқий билимларини ошириш мақсадида Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлиги томонидан ҳудудлардаги маҳалла тизими ходимлари иштирокида ўқув семинарлари ўтказилмоқда.
2021 йил 23-30 август кунлари мазкур ўқув машғулотларининг биринчи босқичи мамлакатимиздаги барча туман (шаҳар)ларда уюшқоқлик билан ташкил этилди.
Семинар машғулотларида республикамиздаги барча туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ва фуқаролар йиғинларининг масъул ходимлари иштирок этишди.
Унда Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси мазмун-моҳияти, сайловга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш тартиби, сайловларда овоз бериш қоидалари хусусида ҳуқуқий-тарғибот материаллари асосида кенг маълумотлар берилди.
Шунингдек, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнларида маҳалла раиси ва ходимлари ҳамда кузатувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилди.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил 14 апрелдаги тегишли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш бўйича асосий тадбирлар дастури” ижросини таъминлаш ҳамда маҳалла тизими ходимларининг сайлов қонунчилиги бўйича ҳуқуқий билимларини янада ошириш мақсадида жорий йилнинг 13-18 сентябрь кунлари соҳа ходимлари иштирокида навбатдаги ўқув семинарлари ўтказилиши белгиланган.
Айни вақтда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан ташкил этилган Ишчи гуруҳлар томонидан маҳалла тизими ходимларининг сайлов қонунчилиги ва сайлов жараёнларини ўтказиш билан боғлиқ билим ва кўникмалари ошириш мақсадида навбатдаги ўқув семинарлари ташкил этилмоқда.
“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнларида маҳалла тизими ходимларининг вазифалари” мавзусида ташкил этилаётган ушбу семинар дарсларида тингловчиларнинг аҳолининг сайловларда иштирок этиш, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш тартиби, фуқароларнинг овоз бериш жараёнидаги иштироки хусусидаги саволларига мутахассислар томонидан атрофлича жавоб бериб борилмоқда.
Шунингдек, сайлов участкаси аъзоси бўлган маҳалла ходимларининг асосий вазифалари, участка сайлов комиссиялари фаолиятидаги иштироки, кузатувчилар, шу жумладан халқаро кузатувчилар билан ўзаро муносабатлари хусусида ҳам зарур маълумотлар берилмоқда.
Тадбирда яна бир муҳим масала сифатида, сайлов жараёнларида аҳолининг карантин қоидаларига риоя этилишини таъминлашда маҳалла ходимларининг тутган ўрнига тўхталиб ўтилмоқда.
Ўқув семинарлари жорий йилнинг 18 августига қадар давом этади.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech