Жамият 30 Октябрь 2021,16:30 295
Чоп этиш

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги тизимида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари, кўтарилаётган муаммолар ва уларни ўрганиш натижалари ҳақида маълумот

  1. 2021 йил январь - сентябрь ойлари давомида келиб тушган мурожаатлар сони ва мазмун-моҳияти

Вазирликка жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлар “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун талаблари асосида ижроси таъминланиб келинмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даври давомида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига жисмоний ва юридик шахслардан жами 60 313 та мурожаат келиб тушган.

(Мазкур мурожаатларнинг 43 797 таси (75%) Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналари, 9 852 таси (14%) Вазирликнинг 1146 рақамли ишонч телефони, 1 916 таси (4%) Бош прокуратуранинг Виртуал қабулхонаси орқали ҳамда 4 748 таси (7%) бевосита Вазирлик раҳбариятининг қабули жараёнида ҳамда юқори турувчи идора ва ташкилотлардан келиб тушган).

Ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, нисбатан энг кўп мурожаат – Қашқадарё (7 984 та), Сурхондарё (6 953 та), Самарқанд (5 346 та), Фарғона (4 731 та), Тошкент вилояти (4 302 та), Андижон (4 095 та), Наманган (3 588 та), Тошкент шаҳри (3 106 та), Бухоро (2 421 та), Жиззах (2 359 та), Сирдарё, Навоий, Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси (2,2 мингдан ортиқ) аҳолисидан келиб тушган.

Мурожаатларнинг мазмуни бўйича кўриб чиқилганда, қуйидаги мазмундаги мурожаатлар асосий қисмини ташкил қилмоқда:

- Аҳоли томонидан моддий ёрдам ва ижтимоий нафақа тўловлари масалалари бўйича мурожаатлар – 13 489 та;

- Оилани мустаҳкамлаш, оилавий муносабатларни тартибга солиш масалалари – 12 751 та;

- МФЙ фаолиятига оид – 10 701 та;

- Давлат дастарларининг ижросига оид (“Аёллар дафтари”, “Темир дафтар” ва “Ёшлар дафтари” ) масалалар – 8 521 та;

- Хотин-қизларнинг ижтимоий-ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни қўллаб-қувватлаш масалалари – 2 507 та;

- Хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш масалалари – 1 703 та;

- Уй-жойини таъмирлаш ва соғлигини тиклаш учун моддий ёрдам ажратиш масалаларида – 1 167 та;

- бошқа муаммолар – 9 121 та.

  1. Мурожаатлар кўриб чиқилиши натижалари.

2021 йил 9 ойи давомида жисмоний ва юридик шахслардан тушган мурожаатларнинг 51 127 таси ўрганилган, 9 186 таси ўрганиш жараёнидадир. Ўрганилган мурожаатлардан 79 фоизи (40 211 таси) қаноатлантирилди,
17,5 фоизи (9 144 таси) тушунириш берилган, 0,7 фоизи (460 таси) рад этилган ва
0,2 фоизи (205 таси) кўрмасдан қолдирилган, 1 107 та мурожаат тегишлилиги бўйича ташкилотларга йўналтирилган.

  1. Мурожаатлар сонининг ўсиш, пасайиш динамикаси

Жорий йил давомида ойма-ой келиб тушган мурожаатлар таҳлил қилинганда Вазирлик тизимига ўртача 5 - 5,5 мингтадан мурожаатлар келиб тушганлигини кўриш мумкин. Масалан, февраль ойи давомида 5 251 та мурожаатлар кўриб чиқилди, апрель ойида – 6 435 та, май ойида – 6 247 та, июнь ойида – 5825 та, июль ойида – 4 470 та, август ойида – 6 030 та ҳамда сентябрь ойида – 5 060 та мурожаатлар келиб тушган.

 

  1. Мурожаатларда кўтарилаётган масала ва муаммолар таҳлили

Юқорида қайд этилган кўрсаткич 2020 йилнинг мос даврига нисбатан мурожаатларнинг 3 бароварга камайганлигини, бу ҳолатни мамлакатимизда аҳоли, шу жумладан, хотин-қизлар ва ёшларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож, турмуш шароити оғир, ишсиз ва касб-ҳунарга эга бўлмаган, ҳуқуқий ва маънавий-психологик қўллаб-қувватлашга зарурати бўлган фуқаролар томонидан муаммоли масалалари юзасидан келиб тушган мурожаатлар давлат томонидан манзилли кўмаклашиш бўйича мутлақо янгича тизимни жорий қилинганлиги, бу йўналишда ҳар бир шахс билан индивидуал иш олиб боришни ташкил қилиш мақсадида моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар бўйича мутлақо янги - “Темир дафтар”, ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб-ҳунар ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бўлган хотин-қизлар ва ёшлар бўйича тегишлича “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” тизимлари ҳаётга татбиқ этилганлиги фуқароларнинг бу борадаги мурожаатларини ечими топилганлиги билан изоҳланади.

Шунингдек, жорий йилнинг Август ойида мурожаатларнинг усиш ҳолати таҳлил қилинганда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 13 июлда “Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6260-сон Фармонида «Темир дафтар»га киритилган оилаларнинг 18 ёшгача бўлган ҳар бир фарзанди учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 500 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилиши белгиланганлиги масаласига оид мурожаатлар салмоғи ортганлиги сабаб бўлганлигининг гувоҳи бўлинди.

Ушбу мазмундаги мурожаатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 13 июлда “Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6260-сон Фармони ҳамда 2021 йил 30 июлда “Кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5204-сон қарори талаблари асосида ҳар бир мурожаат юзасидан фуқаро иштирокида ўрганилиб, тушунтириш ва ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.

Оилани мустаҳкамлаш, оилавий муносабатларни тартибга солиш масалаларига оид келиб тушган мурожаатлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 18 июнда “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 380-сон қарори, ушбу қарор билан тасдиқланган Фуқаролар йиғинининг комиссиялари тўғрисида намунавий Низомлар талаблари асосида ўрганилмоқда. Фуқаролар йиғинининг Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссиялари томонидан фуқаролар иштирокида оилавий масалалар, оилада юзага келаётган низоли ҳолатларни бартараф этиш бўйича ўрганиш ишлари олиб борилиб, оилавий масалаларни жойида ҳал этиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

  1. Вазирлик раҳбариятининг жойлардаги сайёр қабуллари тўғрисида

Давлат раҳбари томонидан маҳаллабай ишларни такил қилиш, ҳар бир раҳбар маҳаллага тушган ҳолда ишларни ташкил этиш бўйича берилган топшириққа асосан Вазир ва вазирлик раҳбарияти, шунингдек вазирлик марказий аппаратининг 25 нафар масъул ходимлари ҳудудларда хизмат сафарларида бўлиб, 5 500дан зиёд фуқароларни сайёр ва шахсий қабул қилган ҳолда, 3 800 та мурожаатларни жойида ҳал қилинишига, 1 700 та мурожаат юзасидан жойида тегишлилиги бўйича ташкилот ва идораларга йўналтирилишига эришилди.

  1. Мурожаатлар билан ишлашда белгиланган долзарб вазифалар

Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида 2021 йилнинг 23 июлда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини мутлақо янгича ташкил этиш тўғрисида ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириққа асосан қуйидаги вазифаларни бажарилиши ва доимий равишда назоратда бўлиши белгиланди.

Топшириққа кўра, вазирлик раҳбарияти аҳоли мурожаатларидан келиб чиққан ҳолда тизимли муаммоларни аниқлаб, уларни бартараф этиш бўйича ҳар ҳафтада камида бир маротаба сайёр қабуллар ўтказиш;

вазирлик ҳамда ҳудудий бўлинмаларга келиб тушган жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини белгиланган муддатларда сифатли ижросини таъминлаш бўйича назоратни янада кучайтириш;

мурожаатлар билан ишлаш натижалари юзасидан аҳоли билан самарали мулоқотни таъминлаш мақсадида аҳоли мурожаатларида кўтарилаётган масалаларни ҳал этилиши юзасидан оммавий-ахборот воситалари орқали чиқишлар кўпайтириш;

вазирликка мурожаат қилиб келган жисмоний ва юридик шахсларнинг вакилларини масъул ходимлар шахсан қабул қилиши, уларнинг мурожаатларини ўз вақтида қонун талабларига мувофиқ кўриб чиқилиши юзасидан назоратни кучайтириш;

ҳар чоракда мурожаатлардан келиб чиққан ҳолда аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш бўйича “маҳалла - сектор - Халқ қабулхонаси – маҳалла” тамойили асосида халқ депутатлари Кенгашлари йиғилишларида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятида учраётган долзарб муаммо ва камчиликлар ҳамда уларнинг ечими бўйича ахборот киритиб бориш;

ҳар ҳафта якунида мурожаатлар билан ишлаш, ижро интизоми ҳолатини танқидий муҳокама қилиш ва келгуси ҳафтада бажарилиши лозим бўлган вазифаларни белгилаб олиш амалиёти йўлга қўйилди.

Call-center
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech