Вилоят янгиликлари 28 Сентябрь 2021,11:52 83
Чоп этиш

Навоийда обод қишлоқлар сони яна биттага кўпайди

“Обод қишлоқ” дастури амалда

Истиқлол йилларида юртимизда барча соҳаларда улкан ўзгаришлар амалга оширилди, шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфаси тубдан ўзгариб, бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда.

Жорий йилда биргина Навоий вилояти Нурота туманидаги 2 та – Темирқовуқ ва Қизилча қишлоқларида кенг кўламли ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.

Бугунги кунда Қизилча қишлоғида 918 та хонадон мавжуд бўлиб, дастур доирасида аҳоли хонадонларини тартибга келтириш, коммуникация тармоқлари ва йўл инфратузилмасини яхшилаш, ижтимоий соҳа объектларини қуриш ва таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилди.

Шунингдек, 25 та хонадоннинг уй том қисми шифер қилинди. Маданият маркази биноси, қишлоқ врачлик пункти, 2 та замонавий бекат янгидан қурилган бўлса, Хотира майдони, 22-умумтаълим мактаби биноси, болалар ва ўсмирлар спорт мактабида тўлиқ капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Ҳудудда савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш мақсадида мавжуд хизмат кўрсатиш ва савдо объектлари замонавий архитектура, қурилиш талаблари асосида мукаммал таъмирланиб, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида 100 ўринли тикувчилик корхонаси ҳамда 5 та янги савдо ва хизмат кўрсатиш объекти барпо этилди.

Қишлоқда мавжуд турар ва нотурар жой объектларининг барчаси тўлиқ хатловдан ўтказилиб, кадастрлар палатаси томонидан мазкур объектларнинг кадастр ҳужжатлари тайёрланмоқда.

“Обод қишлоқ” Давлат дастури доирасида туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси томонидан қишлоқдаги 32 км. ички йўлларига шағал ташланди, 3 км. йўлга асфальт ётқизилди ва 1 км. узунликда пиёдалар йўлаги қуриб битказилди. Қарийб 3 км. автомобиль йўллари ҳудудига тунги ёриткич чироқлари ўрнатилди.

Туман электр тармоқлари корхонаси томонидан қишлоқ аҳолисининг электр энергияси таъминотини яхшилаш мақсадида 400 га яқин янги бетон таянчлар ўрнатилиб, 11 км. электр тармоқлари реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилган бўлса, 3 дона янги трасформатор ўрнатилиб, мавжуд 3 та трансформатор жорий таъмирланди.

Айни пайтда ҳудуддаги аҳолининг ичимлик сувига бўлган талаб ва эҳтиёжини тўлақонли қондириш мақсадида 26 км. узунликдаги ичимлик суви тармоқларини янгидан қуриш ишлари якунига етказилмоқда.

Мазкур тадбирларни амалга ошириш учун умумий ҳисобда қарийб 25 миллиард сўм, шундан, бюджет ва мақсадли жамғармалар маблағлари ҳисобидан 21 миллиард сўм, ҳомийлар ва ижрочилар маблағлари ҳисобидан 4 миллиард сўм маблағлар ўзлаштирилди.

Бугун эса Қизилча қишлоғи обод ва кўркам қишлоққа айланиб, бу ерда истиқомат қилувчи аҳолига қатор қулайликлар яратилди.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech