Жамият 7 Август 2021,15:58 166
Чоп этиш

“Офат ва матонат” китоб тақдимоти

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “O'zbekiston” нашриёти томонидан чоп этилган “Офат ва матонат” номли китоб тақдимоти бўлиб ўтди.

Мазкур китобда сўнгги йиллар давомида коронавирус касаллигининг кенг тарқалиши ортидан бутун дунёда бўлгани каби юртимизда кечган мураккаб вазият ва бу синовли кунларда халқимизнинг бирдамлиги ва ҳамжиҳатлиги, жонбозлиги акс эттирилган. Жумладан, Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва бу борада олиб борилган тезкор чоралар натижасида юртимизда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, ҳудудларда санитар-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш бўйича ижобий натижаларга эришилгани баён этилган.

Шунингдек, китобда мана шундай оғир пандемия шароитида Бухоро ва Сирдарё вилоятларида рўй берган табиий офат талофатларини тезда бартараф этиш ва жабр кўрган ватандошларимизга зарур ёрдам кўрсатиш бўйича давлатимиз ва халқимизнинг ўзаро бирдамлиги, матонати ҳаётий мисоллар ёрдамида кенг ёритиб берилган.

Айтиш лозимки, ушбу қийин ва мураккаб даврда Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан юртимиздаги эҳтиёжманд ва муҳтож оилалар, кекса ва ногиронлиги бўлган шахсларга зарур ёрдам ва кўмак кўрсатиш, иқтисодиёт тармоқларининг барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида кўплаб ишлар олиб борилди. Ушбу чоралар натижасида давлатимиз томонидан нафақат ўз халқимизга, балки қатор қўшни ва хорижий республикаларга ҳам доимий инсонпарварлик ёрдамлари кўрсатилди. Уларга мунтазам равишда дори-дармон, тиббий воситалар ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари юборилди.

Китоб тақдимотида иштирок этган қатор вазирлик ва идора вакиллари, хусусан, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия, Ёзувчилар уюшмаси, Республика маънавият ва маърифат маркази масъул ходимлари мавзунинг мазкур жиҳатлари ҳамда нашрнинг ёшлар тарбиясини ошириш, уларда ватанпарварлик ва юрт тараққиётига дахлдорлик туйғуларини шакллантиришдаги муҳим ўрнига алоҳида тўхталиб ўтишди.

Шу маънода “Офат ва матонат” китоби кенг жамоатчилик эътиборини қозонган ва халқимизнинг чинакам жасорат ва матонати рамзига айланган нашр сифатида барча китобсеварлар қалбидан муносиб жой эгаллашига ишонамиз.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech