Жамият 18 Октябрь 2021,12:03 98
Чоп этиш

Сайлов жараёнларида иштирок этаётган маҳалла ходимларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Куни кеча Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигида маҳалла тизими ходимларининг сайлов жараёнларидаги иштироки, кузатувчи сифатида қатнашаётган соҳа вакилларининг сайлов қонунчилиги борасидаги билим ва кўникмаларини оширишга доир йиғилиш ўтказилди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари Ботир Парпиев ҳамда Марказий сайлов комиссияси аъзоси Баҳодир Юнусов тадбирга йиғилган фуқаролар йиғини ходимларига сайлов жараёнлари ва унда кузатувчи сифатида иштирок этаётган маҳалла ходимларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари хусусида зарур маълумотлар бериб ўтди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 5 октябрдаги 951-сон қарори билан тасдиқланган “Сиёсий партиялар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчилар тўғрисида”ги Низом талабларига кўра, фуқаролар йиғинлари ходимлари сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнларида кузатувчи сифатида иштирок этади. Бу ўз-ўзидан сайлов компаниясининг очиқ ва ошкора ўтишига хизмат қилади, шунингдек, сайлов комиссиялари фаолиятининг шаффофлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.

Бугунги кунда республикамиздаги мавжуд 10 760 та сайлов участкаларининг барчасида фуқаролар йиғини ходимлари кузатувчи сифатида бириктирилган. Ушбу кузатувчилар сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирлар, шу жумладан сайлов куни овоз бериш ва овозларни санаб чиқиш жараёнларида сайлов қонунчилигига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади.

Шунингдек, кузатувчилар номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларида иштирок этиши, ўзларига бириктирилган сайлов участкасида тайёргарлик ишларининг бориши, яширин овоз бериш кабиналарининг ёки хоналарининг жойлаштирилиши, сайлов қутиларининг муҳрланиши, фуқароларнинг рўйхатга олиниши, сайлов бюллетенларининг уларга берилиши, сайлов куни овоз бериш жараёнини бевосита кузатиши, муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти ва жойи ҳақида хабардор бўлиш ҳамда ушбу жараённи кузатиш имкониятига эга.

Яна шуни алоҳида қайд этиш лозимки, кузатувчиларнинг мавжуд ҳуқуқлари сифатида, агар сайлов участкасида сайлов қонунчилиги талаблари бузилишига йўл қўйилган, деб ҳисоблаш учун асослар бўлса, ўз кузатувлари тўғрисида участка сайлов комиссияси аъзоларига уларнинг ишига аралашмаган ҳолда маълум қилиш, шунингдек, округ сайлов комиссиясига хабар бериши ҳуқуқлари белгилаб қўйилган.

Тадбир давомида кузатувчиларнинг мажбуриятлари хусусида ҳам фикр билдириб ўтилди. Қайд этилганидек, кузатувчилар, мавжуд сайлов қонунчилиги талабларига қатъий амал қилиши, ўзига берилган мандатни ҳамда шахсини тасдиқловчи ҳужжатни ёнида олиб юриши, сайлов жараёнларига оид ўз хулосаларини шахсан ўтказилган кузатув ва ҳақиқий материаллар билан асослаши лозим.

Кузатувчиларнинг сайловчи сайлов бюллетенига ўз белгисини қўяётган пайтда овоз бериш кабинасида ёки хонасида бўлиши, сайловчиларга таъсир ўтказиш, ташвиқот материали ёки адабиётларини тарқатиши, участка сайлов комиссиясининг фаолияти, жумладан, сайлов қутилари муҳрланаётган, очилаётган, овозлар санаб чиқилаётганда аралашиши ва қатор белгиланган ҳолатларни амалга ошириши тақиқланади. 

Йиғилишда сайлов жараёнларида маҳалладан белгиланган кузатувчиларнинг фаол иштирок этиши сайлов жараёнларининг демократик тамойиллар асосида адолатли, холисона, очиқ ва ошкора ўтказилишига хизмат қилиши яна бир бор таъкидланди. Шу сабабли сайлов жараёнларида кузатувчи сифатида иштирок этаётган маҳалла ходимларининг ўз вазифаларини фаол ва сидқидилдан бажариши жуда муҳим эканлиги алоҳида қайд этилди.

Call-center
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech