Маҳалла 22 Ноябрь 2021,17:56 1349
Чоп этиш

Соҳага оид қатор муҳим масалалар муҳокама этилди

Бугун Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари Ботир Парпиев раислигида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларини қўллаб-қувватлаш, маҳалла ҳудудларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, фуқаролар йиғинларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилган ишлар таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда вазирлик масъул ходимлари, Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармалари, туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари раҳбарият ва тегишли бўлимлар вакиллари иштирок этди.

Йиғилиш аввалида социология фанлари доктори, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси профессори Мансур Бекмуродов томонидан маҳаллаларда жорий этилаётган “ҳоким ёрдамчиси” лавозимининг аосий вазифалари, жойларда ушбу лавозимга танловлар жараёнида эътибор берилиши зарур бўлган асосий жиҳатлар ҳақида кенг тушунчалар берилди. “Ҳоким ёрдамчи”лари ва маҳалла ходимларининг ўзаро ҳамкорликдаги фаолиятини ташкил этиш бўйича тавсиялар берилди.  

Вазир ўринбосари таъкидланганидек, Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан юртимизда олиб борилаётган кенг ислоҳотлар самарасини бевосита маҳаллаларда акс эттириш ва ушбу ноёб институтни маҳаллий ҳокимликлар билан боғлаш мақсадида ҳар бир маҳаллада ҳоким ёрдамчиси лавозими жорий этилмоқда.

Айтиш лозимки, ушбу масъулиятли вазифа эгалари маҳаллаларда янги иш ўринларини яратиш ва камбағалликни қисқартиришга бевосита масъул бўлади.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 6 ноябрь куни Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида қилган нутқида таъкидланганидек, ҳокимликлар ва маҳаллаларнинг молиявий имкониятини кенгайтириш мақсадида туман ва шаҳарлар бюджети қўшимча манбалар билан таъминланади ҳамда маҳаллаларнинг алоҳида жамғармалари шакллантирилади.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2021 йил 18 октябрдаги ПФ-6324-сон Фармонида белгиланган вазифалар ижроси атрофлича таҳлил этилди.

Фармонга мувофиқ, жорий йил 1 ноябрдан бошлаб таркибида хонадонлари сони мингта ва ундан ортиқ бўлган фуқаролар йиғини ходимлари ойлик лавозим маошларига 35 фоиз қўшимча устама белгилаш, шунингдек, маҳаллаларни сақлаш билан боғлиқ харажатларни тегишли маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириш тизими жорий этилмоқда.

Шунингдек, фуқаролар йиғинларининг коммунал тўловларини тўлаш мақсадида 2021 йилда 8,8 млрд сўм, 2022 йилдан бошлаб эса 18 млрд сўм маблағ ажратилиши, маҳаллалар бино ва иншоотларини хатловдан ўтказиш ва бошқа мол-мулкларини ўзларида қолдириш, туман (шаҳар) ҳокимликларига тегишли бўлган ҳамда бугунги кунга қадар маҳалла томонидан фойдаланиб келинган бино ҳамда иншоотлар туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимларига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул берилиши белгиланган.

Вазир ўринбосари Б.Парпиев мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш, хусусан, бино ва иншооатларни хатловдан ўтказишда сусткашликка йўқ қўяётган тегишли ҳудудлар раҳбарларига зарур кўрсатмалар берди. Бу борада айниқса, Наманган, Бухоро, Жиззах, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида бирор натижага эришилмаганлиги танқид қилинди.

Йиғилишда муҳим масалалардан яна бири сифатида айни вақтда юртимизнинг барча ҳудудларида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кенг миқёсда олиб борилаётган дарахт ва бута кўчатларини экиш ишлари муҳокама этилди.

Айтиб ўтилганидек, лойиҳа доирасида йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш, яшил майдонларни ҳозирги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш белгиланган бўлиб, шу мақсадда жорий йилнинг 10 декабрига қадар дарахт экиш бўйича “долзарб 40 кунлик” эълон қилинган.

Йиғилишда кенг кўламли ушбу ташаббусларда фаол иштирок этмаётган ҳудудлар фаолияти кескин танқид остига олинди. Хусусан, Жиззах, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида бугунги кунга қадар кўчат экиш ҳажмлари тасдиқланмаганлиги, Хоразм, Сирдарё, Навоий вилоятларида бу борада иш тўғри ташкил этилмаётганлиги айтиб ўтилди.

“Долзарб 40 кунлик” давомида дарахт экиш ишларида сусткашликка йўл қўйган ҳудудий бўлинмалар масъул ходимларига зарур топшириқ ва кўрсатмалар берилди.

Вазир ўринбосари маҳалла биноларини қуриш ва таъмирлаш борасида олиб борилаётган ишлар тафсилотига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 1 февралдаги 46-сонли қарорига асосан жорий йилда 1 881 та маҳалла бинолари қурилиши белгиланган бўлса-да, бугунги кунга қадар ушбу режанинг 63,7 фоизи бажарилганлиги, 223 та маҳалла биноси қурилиши ҳозирга қадар бошланмаганлигини танқид қилди.

Таҳлилларга кўра, Жиззах вилоятидаги 88 та, Сурхондарё вилоятидаги 73 та, Навоий вилоятидаги 20 та, Самарқанд вилоятидаги 85 та, Фарғона вилоятидаги 112 та, Бухоро вилоятидаги 71 та, Қашқадарё вилоятидаги 57 та, Хоразм вилоятидаги 61 та, Қорақалпоғистон Республикасидаги 37 та, Наманган вилоятидаги 44 та ҳамда Тошкент шаҳридаги 25 та маҳаллалар биноси қурилмаган.

Келтириб ўтилган мисоллар асосида ушбу вазифа ижросини йил якунига қадар бажариш бўйича ҳудудий масъулларга зарур топшириқлар берилди.

Йиғилиш давомида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 23 февралдаги 99-сон қарорида белгиланган, 2021 йил 1 мартдан бошлаб “уйбоши” ва “кўчабоши”ларни рағбатлантириш тариқасида уларга коммунал хизматлар учун мажбурий тўловлар бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида ҳар ойда компенсация пул тўловларини тўлаб бериш ишлари ҳам кўриб чиқилди.

Шунингдек, барча маҳаллалардаги мавжуд “уйбоши” ва “кўчабоши”ларга белгиланган ҳар ойлик компенсация тўловларини тўлаб бориш бўйича керакли тавсиялар берилди.

 “Темир дафтар”га киритилган оилаларга манзилли кўмак кўрсатиш ва белгиланган масалалари ҳал этилган фуқароларни ушбу рўйхатдан чиқариш бўйича олиб борилаётган ишлар таҳлилига тўхталар экан, жорий йилда ушбу дафтарга 15 119 та оила янгидан киритилганлиги ва ҳозирда “Темир дафтар”да 34 842 та оила мавжуд эканлиги айтиб ўтилди.

Бу борада Хоразм, Сурхондарё вилоятлари ва Тошкент шаҳар масъулларига ишни тизимли ташкил этиш бўйича керакли топшириқлар берилди. Муҳокама қилинган масалалар бўйича йўл қўйилган камчиликлар учун қатор ҳудудий масъулларга интизомий чоралар қўллаш бўйича таклиф билдирилди.

Аҳоли мурожаатлари билан ишлашда йўл қўйилаётган камчиликлар хусусида сўз борар экан, маҳалла одамларнинг дарду ташвишлари билан яшайдиган энг халқчил тузилма сифатида ҳар бир фуқаро билан тўғридан-тўғри иш олиб бориши зарурлиги, бунинг учун келиб тушаётган мурожаатларга янада эътиборли бўлиш зарурлиги таъкидланди.

Йиғилиш сўнггида келтириб ўтилган вазифалар ижроси ҳамда келгуси режаларни ўз вақтида амалга ошириш бўйича зарур фаолият йўналишлари белгилаб олинди.

Call-center
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech