Жамият 1 Февраль 2022,16:18 267
Чоп этиш

Тегишли масъул ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлиги муҳокама этилди

Жамиятдаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш ва аҳолининг олиб борилаётган ислоҳотлардаги иштирокини кенгайтириш мақсадида бугунги кунда маҳалла тизими имкониятларидан самарали фойдаланиб келинмоқда. Хусусан, соҳага замонавий ахборот технологияларини жорий этиш, бунда тегишли давлат ва жамоат ташкилотларининг узвий ҳамкорлигини янада ривожлантириш орқали ўзига хос самарали тизим йўлга қўйилган.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигида куни кеча маҳалла тузилмасига оид электрон платформалар (маълумотлар базаси, дастурлар)ни ишлаб чиқиш, уларни интеграция қилишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда берилган вазифалар ижроси юзасидан ташкил этилган уччрашувда мазкур жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, Ахборот коммуникациялари ва технологияларини ривожлантириш, Ички ишлар, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари ҳамда Ёшлар ишлари агентлигининг масъул ходимлари иштирокидаги мазкур тадбирда бу борадаги қонунчилик ҳужжатларидаги белгиланган вазифалар тилга олиб ўтилди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари Ботир Парпиев йиғилиш давомида маҳалла институти тузилмасига оид қатор вазифаларга тўхталиб ўтар экан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 мартдаги ПФ-6196-сон Фармонига мувофиқ, Ички ишлар вазирлигига “Smart mahalla” ахборот дастурини ишга тушириш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги ПҚ-4602-сон қарорига мувофиқ, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига “Маҳалла” электрон маълумотлар базасини такомиллаштириш вазифаси юклатилганлигини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги олдига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 майдаги ПҚ-5105-сон қарорига мувофиқ “Онлайн маҳалла” дастурий таъминотини ишлаб чиқиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 24 декабрдаги ПҚ-62-сон қарорига мувофиқ “Онлайн маҳалла” электрон платформасини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилганлигини айтиб ўтди.

Йиғилишда муҳим масалалардан бири сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 декабрдаги ПФ-29-сон Фармони ва 2022 йил 19 январдаги ПҚ-92-сон қарорига мувофиқ маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда ёшлар билан ишлашнинг онлайн тизимини такомиллаштириш вазифалари ижросини таъминлашда идоралараро мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳи ташкил этилиши зарурлиги ҳамда электрон платформалар интеграциясини доимий мувофиқлаштириб бориш кераклигини таъкидлаб ўтилди.

Келтириб ўтилган вазифалар ижроси бўйича масъулларнинг ахбороти ва келгуси иш режалари тингланди.

Ўзаро мулоқот давомида ўртага ташланган таклифлар асосида барча давлат ва хўжалик бошқаруви органлари учун фойдаланиш мажбурий бўлган, идентификациялашнинг уникал (ID) рақамига эга маҳалла маълумотнома ва классификаторлар ягона регистри ҳамда ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинларининг рақамли паспортлари ягона базасини ишлаб чиқиш бўйича зарур чоралар белгилаб олинди.

Шунингдек, мавжуд ташкилотларнинг соҳага доир шаклланган дастурлари, уларнинг ишлаш механизмларидан келиб чиққан ҳолда маҳалла институтининг янги электрон платформасини ташкил этиш бўйича зарур таклифлар ишлаб чиқиш муҳимлиги қайд этилди.

Call-center
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech