Сиёсат 6 Декабрь 2021,18:00 438
Чоп этиш

Вазир бошчилигида муҳим масалалар муҳокама этилди

Бугун Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигида маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш, етим болалар ва ота-она қаромоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялаш масалаларига оид қонунчилик ҳужжатлари, шунингдек, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида белгиланган вазифалар ижросига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда сўз олган Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинаётган соҳага оид ҳар бир қонунчилик ҳужжатлари халқимизнинг турмуш фаравонлигини ошириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш, шунингдек, маҳалла ва оилалар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилганлиги билан янада аҳамиятли эканлигига алоҳида урғу бериб ўтди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 декабрдаги “Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича давлат сиёсатининг устувор йўналишлари тўғрисида”ги Фармони ва “Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори бугунги кун талабидан келиб чиқиб қабул қилинган яна бир муҳим ҳуқуқий асосдир.

Вазир Р.Маматов маҳаллаларда жорий этилаётган “ҳоким ёрдамчилари” лавозими ва унинг аҳамияти хусусида тўхталиб ўтар экан, мавзунинг муҳим жиҳатларини келтириб ўтди. Айтиб ўтилганидек, 2022 йил 1 январдан бошлаб таъсис этилаётган “ҳоким ёрдамчиси” катта тажриба ва билимга, турли ташкилотлар ва маҳаллий ҳокимлик вакиллари билан ишлаш кўникмасига эга бўлиши лозим. Шу мақсадда айни вақтда бу вазифага келаётган номзодларни саралашга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга молиявий кўмак бериш, энг муҳими жойларда камбағалликни қисқартиришга қаратилган мазкур тизим орқали эндиликда барча давлат ва жамоат ташкилотлари тўғридан тўғри маҳалла билан ишлайди.

“Маҳаллабай” ишлаш орқали аҳоли мурожаатлари шу жойнинг ўзида қабул қилинади ва қисқа муддатларда ҳал этиш чоралари кўрилади. “Ҳоким ёрдамчиси” мазкур фаолият йўналишларига бевосита раҳбарлик қилган ҳолда, жараёнларни мувофиқлаштириш ва кўрсатилаётган ёрдамларни манзилли амалга оширишни ташкил этади, ишларни назоратга олади.

“Ҳоким ёрдамчилари” ўз фаолияти давомида “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшлар, хотин-қизлар ва кам таъминланган оилаларда яшовчи фуқароларни мавжуд муаммоларини ҳал этишга ҳам алоҳида эътибор беради. Шу билан бирга фуқароларнинг томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш баробарида уй шароитида чорвачилик, паррандачилик, қуёнчилик, асаларичилик, уруғчилик, кўчатчилик, гулчилик каби бугунги кундаги жуда ҳам муҳим йўналишлар бўйича ўз имкониятини ишга солишга ва шу орқали даромад топишларига кўмаклашади.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари Ботир Парпиев йиғилиш давомида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида жойларда ташкил этилаётган дарахт ва бута кўчатларини экиш жараёнларига тўхталиб ўтди.

Қайд этилганидек, дарахт экиш ишлари барча ҳудудларда ҳам кўнгилдагидек ташкил этилмаяпти. Айниқса, Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона, Сурхондарё, Андижон, Жиззах, Навоий, Сирдарё, Тошкент, Хоразм вилоятларида бажарилган ишлар ҳажми белгиланганидан орқада қолмоқда.

Шунингдек, Боғдод, Бўка, Зангиота, Оҳангарон, Бекобод, Гурлан, Олтиариқ, Янгибозор, Ёзёвон, Тайлоқ, Самарқанд, Урганч туманлари, Нукус, Қўқон, Урганч, Навоий, Зарафшон, Бекобод шаҳарларида ҳам дарахт экиш ишлари қатъий назоратга олинмаганлиги сабабли суст ташкил этилмоқда.

Айтилганидек, мазкур ташаббус доирасида экилган дарахт кўчатларини парвариш қилишда аҳолига кўмаклашиш мақсадида Меҳнат вазирлиги ва Давлат экология қўмитаси билан биргаликда ҳар бир маҳаллада бир нафардан дарахтларни парвариш қилувчи ҳақ тўланадиган жамоат ишчиси фаолиятини жорий қилиш бўйича тартиб ишлаб чиқилди.

Йиғилиш давомида мазкур камчиликларни тез фурсатларда бартараф этиш ва ишни янада самарали ташкил этиш бўйича тегишли масъулларга зарур топшириқлар берилди.

Шунингдек, жойлардаги масъулларга “ҳоким ёрдамчилари”нинг самарали меҳнат қилишлари, аҳоли мурожаатлари ва масалаларда аниқ иш юритишлари учун зарур шарт-шароит яратиб бериш, уларнинг ўз ишини намунали ташкил этишга кўмаклашиш бўйича тегишли топшириқлар берилди.

Тадбирда иштирок этган Мuллий гвардия қўмондони Р. Жўраев томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялашнинг тубдан янгиланган тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2021 йил 9 августдаги ПҚ-5215-сонли Қарорида белгиланган вазифаларнинг турли вазирлик ва ташкилотлар ҳамкорлигидаги ижроси хусусида маълумот бериб ўтди. 

Қайд этилганидек, жорий йилнинг август ойида Миллий гвардияга бириктирилган республикадаги Меҳрибонлик уйлари, Болалар шаҳарчалари ва Болалар уйлари ҳамда “SOS - болалар маҳаллалари”да тарбияланаётган болалар сони 2521 нафарни ташкил этган. Тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида бугунги кунга келиб уларнинг сони 1021 нафарга камайишига эришилди.

Жумладан, уларнинг 351 нафари ўз ота-оналари ва яқин қариндошлари қарамоғига қайтарилди, 97 нафари фарзандликка, васийликка, ҳомийликка (патронат) оила тарбиясига берилди, 491 нафари Оилавий болалар уйларига оила тарбиясига берилди, 214 нафари 18 ёшга тўлганликлари учун ўқишга ва ишга жойлаштирилди, 22 нафари муассасалар фаолияти тугатилганлиги муносабати билан Мурувват уйлари ва бошқа муассасаларга ўтказилди. Бунинг натижасида 4 та Меҳрибонлик уйи ва 2 та Болалар шаҳарчасининг фаолияти тугатилди.

Мuллий гвардия қўмондони Р. Жўраев бу жараёнларда маҳалла ходимларининг ҳам ўрни ва хизмати катта эканлигини алоҳида таъкидлаган ҳолда, ҳамкорлик ишларини янада ривожлантириш зарур эканлигини айтиб ўтди. 

Хусусан, ҳокимликлар ҳузуридаги “шўъбалар” томонидан маҳалла ходимлари ва фаоллари, болаларни қариндош-уруғини рухсатини олмасдан “Меҳрибонлик уйи”га топширилишининг олдини олиш бўйича таъсирчан механизм яратиш борасидаги таклифларни ўртага ташлади.

Йиғилишда Ёшлар ишлари агентлиги раҳбари А.Саъдуллаев ушбу вазифаларни амалга оширишда вилоят (шаҳар) ҳокимларининг маҳаллалардаги ёшлар ишлари бўйича маслаҳатчилари ҳам фаол иштирок этишини, Агентлик томонидан тегишли таклифлар тақдим этилишини айтиб ўтди.  

Видеоселектор йиғилишида иштирок этган Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Ҳусанов Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори асосида “ҳоким ёрдамчилари” ва Марказлар ходимларининг штат бирликлари мос равишда маҳалла фуқаролар йиғини раисининг ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари, туман (шаҳар) бандликка кўмаклашиш марказларининг ишга жойлаштириш инспектори, туманлар ва шаҳарлардаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари штат бирликларини мақбуллаштириш ҳисобидан ташкил этилаётганлигини қайд этиб ўтди.

Шунингдек, Қарор асосида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан штат бирликлари қисқартирилаётган ходимларни бошқа иш билан таъминлаш чоралари кўрилишини таъкидлади.

Унга кўра, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари томонидан штат бирликлари қисқартирилаётган ходимларга уларнинг малакасига қараб жойлардаги мавжуд бўш иш ўринлари таклиф этилади. Шунингдек, белгиланган талабларга мос маҳалла ходимларини “ҳоким ёрдамчиси” лавозимига тавсия қилиш чоралари кўрилади.

 Танқидий-таҳлилий руҳда ўтказилган йиғилишда келтириб ўтилган вазифалар ижроси бўйича масъул раҳбар ва ходимларга зарур топшириқ ва кўрсатмалар бериб ўтилди.

Call-center
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech