Вилоят янгиликлари 10 Сентябрь 2021,12:00 68
Чоп этиш

Вазир ўринбосари имконияти чекланган фуқароларнинг муаммоларини манзилли ўрганди

Бугун - 10 сентябрь куни Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари Ботир Парпиев ҳамда Термиз шаҳар прокуратураси масъул ходимларидан иборат Ишчи гуруҳ аъзолари мурожаатда келтирилган масалаларни атрофлича ўрганиш мақсадида “Сумайя” унитар корхонасига бориб, корхона ходимлари билан учрашишди.
Ўзаро суҳбат давомида корхонанинг доимий фаолият юритиши билан боғлиқ мавжуд муаммолар ўртага ташланди. Аниқланган масалаларни тез фурсатда бартараф этиш ҳамда “Сумайя” унитар корхонаси ходимларига муносиб меҳнат шароитларини яратиб бериш бўйича ҳудудий масъулларга топшириқлар берилиб, ижроси назоратга олинди.
Шунингдек, ўрганишлар давомида корхонанинг 21 нафар ходимлари томонидан турли мазмунда муаммолар - ногиронлик аравачаси ва бошқа реабилитиация воситалари билан таъминлаш, моддий ёрдам, саломатликларини тиклаш, уй-жой сотиб олиш учун бошланғич тўловни тўлаб бериш, уй-жойини таъмирлаш бўйича билдирилган қатор масалалар тегишли мутасадди ташкилот вакиллари томонидан назоратга олинди.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари Б.Парпиев ташаббуси билан шу куннинг ўзида корхонада меҳнат қилаётган 4 нафар имконияти чекланган фуқароларга ногиронлик аравачаси тақдим этилди.
Корхона ходимлари — Малоҳат Дўсбоева, София Махмадмуродова, Гулмира Азизова, Нигора Эрназаровалар ногиронлик аравачаси билан таъминланганлигидан мамнун эканлиги ҳамда бу эътибор уларга катта куч ва мотивация беришини таъкидлаб ўтишди.
“Сумайя” унитар корхонаси ходимларининг бошқа муаммоларини ҳам тез фурсатда бартараф этиш бўйича Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан тегишли ташкилот ва маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда зарур чоралар амалга оширилиши белгилаб олинди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Ахборот хизмати

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech