27 Июль 2021,17:48 667
Чоп этиш

Яна бир халқаро грант шартномаси имзоланди

Жорий йилнинг 27 июль куни Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан “Ўзбекистондаги қишлоқ аёлларининг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш” лойиҳаси бўйича халқаро грант шартномаси имзоланди.

Лойиҳанинг мақсади  - чекка қишлоқ ҳудудлардаги Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг тадбиркорлик қўникмаларини ривожлантириш, бандлигини таъминлаш ҳамда оилаларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтиришдан иборат.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар яратиш, жамият ва давлат ишларини бошқаришда уларнинг тенг иштирок этишини таъминлаш, хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, шунингдек, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Биргина хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш, улар билан манзилли ишлаш мақсадида “Аёллар дафтари” тизими жорий этилди. Мазкур тизимга мувофиқ, ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бўлган, ишсиз хотин-қизларнинг муаммоларини аниқлаш, бартараф этиш ва назоратини олиб бориш бўйича маълумотлар базаси шакллантирилди.

Худди шунингдек, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш учун 224 мингдан ортиқ хотин-қизга жами 6,9 трлн сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди, уларга Халқ банки бириктирилди, 14 та ҳудудда Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази ташкил этилди.

Тижорат банклари микрокредит базаси мижозларининг
30 фоизидан ортиғини хотин-қизлар ташкил этмоқда. Ушбу банклар маблағлари ҳисобидан 172 мингдан ортиқ хотин-қизларга 4,9 триллион сўм миқдорида кредитлар ажратилди. Бунинг натижасида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган хотин-қизлар сони бир йилда 45 минг нафарга кўпайди.

Энг чекка ҳудудлардаги қишлоқларни ободонлаштириш, қишлоқларда яшовчи хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини қўллаб-қувватлаш орқали камбағалликни қисқартиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Қишлоқ хўжалигининг турли соҳаларида 1,5 миллиондан ортиқ хотин-қизлар меҳнат қилади. Тадбиркорлик субъектларининг 20 фоизига, шу жумладан,  фермер хўжаликларининг 7,3 фоизига аёллар раҳбарлик қилади.

Қолаверса, юртимизда хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш бўйича халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқалари кенгайтирилиб борилмоқда.

Бугун Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Рахмат Маматов, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли ҳамда Япониянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ёшинори Фуджиямалар томонидан “Ўзбекистондаги қишлоқ аёлларининг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш” лойиҳаси бўйича халқаро грант шартномаси имзоланди.

Лойиҳанинг мақсади  - чекка қишлоқ ҳудудлардаги Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг тадбиркорлик қўникмаларини ривожлантириш, бандлигини таъминлаш ҳамда оилаларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтиришдан иборат.

“Ўзбекистондаги қишлоқ аёлларининг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш” лойиҳаси Япония ижтимоий ривожланиш фондининг 2,728 млн АҚШ доллари миқдорида грант маблағлари ҳисобига 2021-2024 йилларда Фарғона вилоятининг Фурқат, Сўх, Ёзёвон, Қўштепа ва Жиззах вилоятининг Янгиобод, Бахмал, Фориш, Зомин туманларидаги маҳаллаларда амалга оширилиши мўлжалланмоқда.

Лойиҳа икки босқичдан иборат бўлиб, биринчи босқичда 3 500 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларнинг бошланғич молиявий саводхонлик ва тадбиркорлик кўникмаларига эга бўлади.

Иккинчи босқичда 350 та бизнес лойиҳалар учун 1,5 млн АҚШ доллари ажратиш орқали қишлоқ ҳудудидаги аёллар тадбиркорлик фаолиятига жалб қилинади ҳамда грант доирасида молиялаштирилмаган бизнес лойиҳалар белгиланган тартибда тижорат банклари орқали амалга оширилади.

Лойиҳанинг аҳамияти шундаки, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар билан ишлашда давлат органлари, жамоат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари ва фуқаролар йиғинлари ўртасидаги ижтимоий ҳамкорлик янада мустаҳкамланади.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech