Жамият 28 Февраль 2022,20:14 523
Чоп этиш

Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашишдаги янги лойиҳалар муҳокама этилди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси билан ҳамкорлик бўйича комиссиясининг ўтказилган биринчи мажлисида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, бунда ахборот технологияларидан самарали фойдаланиш бўйича ишлаб чиқилган янги лойиҳалар хусусида маълумот берилди. 

Унда Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева, Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик маркази бош мутахассиси Мухсинжон Султонов, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Бунёд Маматюсупов ҳамда тегишли ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг маълумотларига кўра, 2021 йилда талончилик жиноятлари 2020 йилга нисбатан 1,8 бараварга, талон-торож қилиш ҳолатлари эса 1,5 бараварга ортган. Шунингдек, номусга тегиш жиноятлари 13,5 фоизга, порахўрлик, ўғрилик ва босқинчилик каби жиноятлар сони эса ўртача 1,5 бараварга ошган. Бу рақамлар аниқланиб, суд ҳукми чиқарилган жиноятлар. Аниқланмаган жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бундан мустасно.

Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева таъкидлаб ўтганидек, угунги кунда ривожланган мамлакатларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликни олдини олишда ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланилмоқда. Мамлакатимизда ҳам сўнгги йилларда бундай технологиялардан кенг фойдаланиш йўлга қўйилмоқда. Хусусан, кўпчилик ичидан одамларни таниб олувчи махсус камералар билан жиҳозланган автобуслар олиб келинмоқда. Шунингдек, ички ишлар органлари ходимларига юзни таниб олиш ва бармоқ изини аниқлаш дастурига эга бўлган планшетлар берилмоқда. Ҳақиқатан ҳам ушбу тизим жиноятчи, қочоқ ва бедарак йўқолган шахсларни топишда жуда қўл келиши бутун дунёда ўз исботини топган. 

Ички ишлар вазирлиги мутахассиси М. Султонов томонидан берилган маълумотларга кўра, вазирлик томонидан Биометрик маълумотларга асосланган юзни аниқлаш ва назорат қилишни кучайтириш лойиҳаси ишлаб чиқилган. Биометрик маълумотларнинг асосан 5 тури мавжуд. Эндиликда ахборот технологиялари имкониятларидан фойдаланган ҳолда юзни таниб олиш тизими жорий этилса, турли жиноятчиликларни бартараф этиш, инсонлар хавфсизлиги ва саломатлигини ҳимоя қилиш имконияти кенгаяди. 

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасида  икки томонлама имзоланган келишув ва битимларни амалга ошириш бўйича “Йўл хариталари”да киберхавфсизликни таъминлаш бўйича киритиладиган инвестиция доирасида Ички ишлар вазирлигининг ушбу лойиҳасини тақдим этиш юзасидан фикр-мулоҳаза ва таклифлар билдирилди. 

Call-center
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech