Гендер тенглик 22 Ноябрь 2021,16:00 111
Чоп этиш

“Зўравонликка қарши биргаликда курашамиз” 16 кунлигига старт берилмоқда

2021 йил 22 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги “HYATT REGENCY” меҳмонхонасида “Зўравонликка қарши биргаликда курашамиз” шиори остида 16 кунлик кампаниянинг бошланишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Унда Сенат Раиси, Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия раиси Танзила Нарбаева, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари, Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси аъзоси Саида Мирзиёева, сенатор ва депутатлар, БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Ю.Ю, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска, бир қатор халқаро ташкилотлар мутасаддилари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, ҳудудлардан тегишли соҳа вакиллари, нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари, Ёшлар парламенти аъзолари қатнашди.

Таъкидланганидек, охирги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатлари, гендер тенгликни таъминлаш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, уларга янги иш ўринларини яратиш, меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш, хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш борасида бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Ушбу масала давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди.

Мамлакатимизда оиладаги зўравонликнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш бўйича 8 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат, жумладан 2 та қонун қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 майдаги “Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори зўравонликка учраган аёлларга ёрдам кўрсатиш тизимини яратиш, оилавий-маиший зўравонликнинг олдини олиш ва унинг салбий оқибатларига барҳам беришга қаратилган ўз вақтида қабул қилинган қарор бўлди.

Ушбу ҳужжат асосида Маҳалла ва оилани қўллаб - қувватлаш вазирлиги ҳузурида 29 та аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази ташкил этилди. Шу вақтгача реабилитация марказлари нодавлат нотижорат ташкилоти сифатида фаолият юритиб келган бўлса, эндиликда уларнинг фаолияти тўлиқ Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилиши белгиланди.

Тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган, ўз жонига суиқасд қилган ёки шунга мойиллиги бўлган хотин-қизлар билан ўзаро алоқа ўрнатиш ва тезкор руҳий, психотерапевтик, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, маслаҳат бериш ва ахборот тақдим этиш мақсадида “1146” Ишонч телефони “AZIZ-AYOL.UZ” ягона интерактив миллий платформаси билан мувофиқлаштирилди.

Ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида мурожаат қилган 74 мингдан ортиқ хотин-қизга соҳанинг етук мутахассислари томонидан ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди. “Аёллар дафтари”даги тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган, ижтимоий муаммолари мавжуд 71 мингдан зиёд хотин-қизга малакали психологик кўмак берилди. Оилавий зўравонликни олдини олиш ва бундан жабр кўрганларга амалий кўмак бериш бўйича Бош прокурор ўринбосари раҳбарлигида ваколатли давлат идоралари раҳбарлари даражасидаги Ишчи гуруҳ фаолияти йўлга қўйилди.

Бугунги кунда Парламент томонидан ваколатли давлат идоралари билан ҳамкорликда миллий қонунчиликни янада такомиллаштириш бўйича қатор таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

Тадбирда сўзга чиққан Сенат Раиси Т.Нарбаева 25 ноябрдан бошлаб мамлакатимизда “Зўравонликка қарши биргаликда курашамиз” шиори остида “Гендер зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракатлар” кампанияси бошланишини эълон қилди.

Бу йил 30 йиллигини нишонлаётган хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши ушбу глобал кампания жаҳоннинг 187 та мамлакатида ўтказилиб, 6 мингдан зиёд ташкилотлар ҳамда 300 млн кишини қамраб олмоқда.

Бунга сабаб, гендер зўравонлик географик, ижтимоий ёки иқтисодий чегараларни билмаслигидадир. Ривожланган, ривожланаётган мамлакатларда ҳам бу муаммога барҳам бериш жиддий чоралар кўришни талаб қилади. БМТ маълумотларига кўра, 15 ёшдан ошган ҳар учинчи аёл ҳаёти давомида камида бир марта бўлса ҳам жисмоний ёки жинсий зўравонликка учрамоқда.

Давра суҳбатида гендер масаласи, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш, бундай ситамларни бошидан кечирган аёлларнинг ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилмаслик ҳолатларига барҳам бериш, тегажоғлик билан боғлиқ иллатлар каби муаммолар ўртага ташланди. Мазкур ҳолатлардан қутулиш бўйича халқаро эксперт ва мутахассислар, ушбу масалалар бўйича илмий хулосаларга келган мамлакатимиз олималари, ОАВлари вакиллари ҳамда блогерларнинг таклиф ва мулоҳазалари тингланди.

Бундай иллатларга қарши биргаликда чора-тадбирлар белгилаш ҳамда фаолиятни кучайтириш, жумладан, зўравонликдан жабрланувчилар ва уни бошидан кечирган хотин-қизларга реабилитация ва мослашиш марказлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари орқали хизматлар кўрсатиш борасидаги саъй-ҳаракатларни янада самарали ташкил этиш бўйича таклифлар билдирилди.

Тадбирда оилавий зўравонликнинг олдини олиш ва жабр кўрганларга амалий кўмак бериш бўйича Ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилган ишлар таҳлил этилди.

Шунингдек, барча манфаатдор идоралар гендер асосидаги зўравонликка қарши курашни такомиллаштириш, таъсирчан усулларни жорий этиш, бу борада соҳа мутахассисларининг салоҳиятини ошириш, хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш бўйича ўз мажбуриятларини бажариш учун самарали ҳамкорликка чақирилди.

Call-center
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech